Тегишли ўзгартиришлар «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида» ва «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунларга киритилди (14.11.2019 йилдаги ЎРҚ-584-сон Қонунга қаранг).
Утилизация йиғими ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамаларидан ундирилади. Бу, бир тарафдан, экологик хавфсизликни таъминлаши, фуқаролар соғлиғини ва атроф-муҳитни транспорт ўз истеъмол хусусиятларини йўқотганидан кейин ҳосил бўладиган чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиши лозим. Бошқа тарафдан, «транспорт» чиқиндилари борасидаги ишларга доир муносабатлар инфратузилмасини ташкил этиш харажатларини молиялаштириш учун манба пайдо бўлади.
Йиғим миқдорлари, ундириладиган объектлар тури ва тоифалари, шунингдек уни тўлаш, қайтариш ва ундан фойдаланиш тартиби кейинроқ қонуности ҳужжатларида белгиланади.
Йиғим қуйидагилар томонидан ундирилади:
- Давлат божхона қўмитаси томонидан – йиғим ундириладиган объектлар «Эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига жойлаштирилганда;
- Давлат солиқ қўмитаси томонидан – улар ишлаб чиқарилганда, йиғилганда ва тайёрланганда.
Давлат экология қўмитасининг маълумотларига кўра, Ўзбекистонга енгил машиналарни импорт қилиш ҳажми бир йилда ўртача 17,5 минг бирликни ташкил этади. Ҳар йили транспортлар томонидан атмосферага зарарли моддаларнинг чиқарилиш ҳажми 1,560 минг тоннани ташкил этади.
Шунингдек идора техник жиҳатдан носоз автомобиллардан фойдаланиш муаммоларига эътиборни қаратди. Масалан, 2018 йилда 2,8 млн транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилганда мажбурий хавфсизлик талабларига риоя этилмаган 1 млн ҳолат аниқланган, 24 818 бирлик кейинчалик фойдаланиш учун яроқсиз бўлганлиги туфайли ҳисобдан чиқарилган.
Қонун «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган, тузатишлар 16.02.2020 йилдан кучга киради.
Олег Заманов.