2019 йил 20 мартдаги «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга киритилган қўшимчалар билан фонд биржасининг биржа котировка варағига акциялари киритилган жамиятнинг кузатув кенгаши таркибида камида бир нафар мустақил аъзо бўлиши лозим. АЖда амалиётда муаммолар юзага келди.
Давлат ва (ёки) хўжалик бирлашмаси вакиллари томонидан кузатув кенгашининг мустақил аъзолигига номзод танланади ва унга овоз берилади. Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Суннатулла Бекенов мазкур вазиятни тушунтириб беради.
– Ҳозирги пайтда Агентлик томонидан мустақил аъзолар сифатида номзодлар захирасини шакллантириш ишлари олиб борилмоқда. Давлат улушига эга 23 та акциядорлик жамиятида 29 та аъзолик ўринларига 22 кишининг жалб этилиши таъминланди.
Халқаро ташкилотлар, хусусан, Франция ривожланиш агентлиги билан ҳамкорликда давлат улушига эга қуйидаги йирик корхоналарга мустақил аъзоларни жалб этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда: «Uzbekistan Airways» АЖ, «Uzbekistan Airports» АЖ, «Иссиқлик электр станциялари» АЖ, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Ўзкимёсаноат» АЖ, «Ўзбекнефтгаз» АЖ.
Агентлик томонидан ишлаб чиқилган ва Вазирлар Маҳкамасига киритилган 2019–2023 йилларда давлат корхоналарига эгалик қилиш, уларни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегиясида мустақил аъзоларни сайлаш ва давлат улушига эга корхоналарга киритиш тартибини ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Бундан ташқари, Агентлик томонидан 2020 йилги Давлат дастурига Кузатув кенгашининг мустақил аъзолари уюшмасини ташкил этиш тўғрисида таклиф киритилган.
– Янги стратегияга кўра давлат активларига эга корхоналарни келгусида нималар кутмоқда?
– Ички ва ташқи бозорларда рақобатлашишга қодир бўлган давлат иштирокидаги самарадор корхоналарни трансформациялаш назарда тутилмоқда. Бунинг учун Бошқарув ва ислоҳот қилиш стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилган, унда қуйидагилар назарда тутилган:
- давлат мулкининг мақсадга мувофиқлиги: фаолияти жамоатчилик манфаатларига хизмат кўрсатишга қаратилган ёки миллий иқтисодиётда стратегик аҳамиятга эга компанияларга нисбатан мулкдорлик ҳуқуқи давлат томонидан сақлаб қолинади;
- давлат корхоналари тоифалари: давлат портфелининг уч турдаги: айнан – тўлиқ, мажоритар, вақтинчалик миноритар эгаликка ажратилиши;
- давлат компанияларининг бозор механизмига ўтиши: давлат кафолатлари берилиши амалиётидан чиқиш, эркин нарх шаклланиши, ҳомийлик ёрдамининг тартибга солиниши ва бошқалар;
- давлат корхоналарини корпоратив бошқаришни ислоҳ қилиш: халқаро молия институтлари билан биргаликда профилланмаган активларни сотиш, ташкилий тузилмаларни қайта кўриб чиқиш, бошқарув органларига аъзоликка номзодларни кўрсатиш ва тайинлаш тартиб-таомиллари, йирик АЖларнинг ХМҲСга ўтишига оид таклифларни ишлаб чиқиш.
Стратегиянинг асосий мақсадли параметрлари қуйидагилардан иборат:
- давлат иштирокидаги корхоналар сонини 50%га камайтириш;
- камида 50 та давлат иштирокидаги корхона томонидан облигациялар чиқарилиши;
- камида 20 та давлат иштирокидаги корхонада IPO (SPO) ўтказиш;
- Давлат бюджетига тушадиган дивидендлар кўринишидаги тушумларни икки бараварга ошириш.
Лола Абдуазимова.