Молия вазирлигининг Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти ва Бюджет-солиқ тадқиқотлари институти Давлат бюджетининг 2019 йилда айрим солиқ гуруҳлари бўйича ижро этилишининг дастлабки якунларини чиқарди.
Молия вазирлиги илк маротаба кенг жамоатчилик учун бундай ҳисоботни тақдим этди. Ҳам мутахассисларга, ҳам оддий фуқароларга мўлжалланган ушбу ҳисобот бюджетга пуллар қаердан келиб тушаётганлигини кўриш имконини беради.
Оператив маълумотларга кўра, 2019 йилда Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари 137 трлн сўмни (ЯИМга нисбатан 26,1%) ташкил этган, бу 2018 йилдагига қараганда 27% кўп. 2018 йилда даромадлар 108 трлн сўмни ёки ЯИМга нисбатан 26,5%ни ташкил этган. Шу тариқа, иқтисодиётга солиқ юки 0,4% камайган.
Молия вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар даромадларни шакллантиришда қуйидаги тенденцияни ажратиш имконини беради:
I. Билвосита солиқлар
Билвосита солиқлар – ҚҚС, акциз солиғи ва божхона божининг келиб тушиши бюджет даромадларининг шаклланишида катта роль ўйнади. Жами улар 46,5 трлн миқдорида йиғилди, бу ўтган йилдаги даражадан 13% кўп. Бунда билвосита солиқларнинг бюджетнинг даромад қисмидаги улуши 2018 йилдаги 52%дан 2019 йилдаги 44%га тушди. Асосий сабаби – ҚҚСни қайтариш суммаси 2 баравардан кўп ошди ва 3,2 трлн сўмни ташкил этди. Бу давлат солиқнинг катта “нейтраллигини” таъминлаган ҳолда бизнес томонга муҳим қадам қўйганини билдиради.
Молия вазирлиги томонидан айтилган ҚҚС бўйича муҳим ахборотни ажратамиз:
1) ҚҚС бўйича жами тушум 37,1 трлн сўмни ташкил этиб, улардан 23,7 трлн сўм солиқ органлари томонидан ички хўжалик операцияларидан, 13,4 трлн сўм эса – божхона органлари томонидан импортдан йиғилди.
2) Қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сони 6,7 мингтадан 82 мингтагача ошди (1 декабрдаги ҳолатга кўра). Бунда 6,7 трлн сўм ёки солиқ органлари томонидан йиғиладиган ушбу солиқ бўйича тушумларнинг 29%и янги ҚҚС тўловчилар улушига тўғри келади. Бу ҚҚС бўйича тушумларнинг 71%ини йирик корхоналар беришини билдиради.
3) 2020 йилда ҚҚС бўйича тушумлар 44,2 трлн сўм даражасида бўлиши (3,4 трлн сўм миқдорида ушбу солиқ бўйича қайтариладиган суммаларни ҳисобга олганда) ёки 30 фоизга ошиши прогноз қилинмоқда. Товарларни (хизматларни) реализация қилиш ҳажмларининг кутилаётган ўсиши, имтиёзларнинг бекор қилиниши, шунингдек электрон ҳисобварақ-фактуралар ҳамда тўловчилар ҳисобга оладиган суммаларни таҳлил қилиш кўринишидаги солиқ маъмуриятчилигининг янги шакллари ва усуллари жорий этилиши тушумлар ортишининг асосий омиллари булади.
Шу билан бир қаторда 2020 йил 1 январгача тақдим этилган солиқ ва божхона имтиёзларининг амал қилиши бекор қилинади. Тақдим этилган имтиёзларни янада мақбуллаштириш режалаштирилмоқда: қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар фақат Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси билан тақдим этилади.
Бу – муҳим! Халқаро амалиётга кўра, кўп сонли имтиёзлар ва солиқ солишнинг умумий режимидан истиснолар солиқ имтиёзларидан фойдаланмайдиган иқтисодий фаолият қатнашчиларига нисбатан адолатлилик принципини бузади, сабаби муайян солиқ тўловчиларга тақдим этилган имтиёзли режим шубҳасиз бошқаларга қўшимча солиқ юки тушишини англатади. Имтиёзлар мавжуд бўлган бозорларда етарлича рақобат бўлмагани боис ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг сифати пасаяди. Айрим корхоналарда боқимандалик кузатилса, бошқалари юқори фойда олади.
Кўп ҳолларда кам даромад олувчи уй хўжаликларини ҳимоя қилиш мақсадида имтиёзлар берилади. Бироқ кўп мамлакатлардаги амалиёт таҳлили бунинг аксини кўрсатади. Имтиёзларни тақдим этиш натижасида нархлар пасайса ҳам, аксарият ҳолларда юқори даромад олувчи уй хўжаликларида асосий маҳсулотлар, товарлар ва хизматларнинг истеъмоли ортади. Тақдим этилган имтиёзлардан асосан айнан улар наф кўрадилар. Бинобарин, солиқ базасидан чиқариб ташланган солиқнинг прогрессивлиги эмас, балки регрессивлиги ошиши кузатилади.
Шу билан бир қаторда ҚҚС бўйича имтиёзлар берилиши натижасида ишлаб чиқарувчилар ҚҚС ставкаларининг оширилишига ёхуд пасайтирилишига қараб ўз нархларига тузатиш киритишлари, бу билан пировард истеъмолчилар зиммасига тушадиган солиқ юкини камайтиришлари кутилади. Бироқ кўп мамлакатларда ўтказилган тадқиқотлар бунинг аксини кўрсатади. Уларнинг натижаларига кўра, аксарият ҳолларда нархлар пасаймаган, пасайган ҳолларда ҳам йил давомида аввалги даражага чиқиб олган.
ХВФ тадқиқотларининг кўрсатишича, имтиёзлар ҚҚСнинг нейтраллигига ва ишлаб чиқаришга оид қарорларнинг асл мақсадига путур етказади. ҚҚСдан озод қилинган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар ўзини ўзи таъминлаш ва вертикал интеграция бўйича рағбатлантиришларга эга бўладилар. Имтиёзлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга зарар етказиши мумкин, сабаби ресурсларни хориждан харид қилишни рағбатлантиради: кирувчи солиқни тўлаш мажбурияти маҳаллий ишлаб чиқариш зиммасига юклатилади, худди шундай импорт маҳсулотлар эса ундан озод қилинган. Яна бир мураккаблик шундаки, корхоналар солиқ солинадиган ва солиқ солинмайдиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришлари мумкин, бу ҳисобга олинадиган солиқ суммасини аниқлаш учун харидлардан ҚҚСни тақсимлашга оид мураккаб қоидалар қўлланишини талаб этади.
4. 2019 йилда ҚҚСни қайтариш суммаси 3,2 трлн сўмни ёки умумий ҚҚС тушумининг 8,7%ини ташкил этган (2018 йилда - 1,5 трлн сўм ёки 5,4%). ҚҚС тўловчилари сонининг ортиши қайтариш суммасининг кўпайишига олиб келган (экспорт қилувчилар товарларни (хизматларни) солиқ тўловчи контрагентларидан харид қиладилар).
Бунда солиқни қайтариш суммасининг ундирилган ҚҚС тушумлари суммасига нисбати (8,7%) бошқа мамлакатлар билан солиштирганда республикада нисбатан паст кўрсаткич ҳисобланади (бошқа мамлакатларда ушбу кўрсаткич ўртача 15-20%ни ташкил этади, айрим мамлакатларда эса 40 фоиздан ҳам ошади.
Айни пайтда фақат экспорт қилувчиларга қайтарилиши мумкин. Солиқ кредитлари солиқ мажбуриятларидан ошадиган бошқа солиқ тўловчилар эса ушбу фарқни келгуси даврларга ўтказишга мажбурдирлар.
Ушбу муаммони ҳал қилиш учун:
- 2020 йилдан эътиборан солиқ солинадиган маҳсулот ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган, сотиб олинган бинолар ва асосий воситалар бўйича ҚҚСни тўлиқ ҳисобга олиш таъминланади;
- 2020 йил 1 июлдан эътиборан ҳисобланган солиқ суммасидан ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасининг ошиб кетиши натижасида ҳосил бўлган солиқ суммаси қайтарилади.
II. Бевосита солиқлар
Бевосита солиқларнинг аҳамияти ошди. Улар бўйича тушумлар - 31,7 трлн сўмни ташкил этди, бир йилда ўсиш - 2 баравардан ортиқ. Натижада, бюджетдаги улуши 19%дан 27%гача ўсди.
Бевосита солиқлардан даромадларнинг ошиши аввало жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича тушумларнинг ошгани билан боғлиқ. Солиқ ставкаси икки баравардан кўп ошганига қарамай, ЖШДС бўйича тушумлар 6,4 трлн сўмдан 12,7 трлн сўмгача ошди.
Фойда солиғидан тушумлар деярли 5 баравар ўсди. 2019 йил якунларига кўра улар камида 16,4 трлн сўмни ташкил этади, гарчи бир йил олдин улар 3,3 трлн сўм миқдорида тушган бўлса ҳам. Қуйидагилар фойда солиғи бўйича тушумлар ошишининг асосий омиллари бўлди:
- кон-қазиб олиш компанияларининг янги солиқ тизимига ўтиши;
- айланмадан 3,2% миқдорида мажбурий ажратмалар бекор қилиниши сабабли йирик компаниялар фойдасининг ўсиши (2019 йил шароитларида 6 трлн сўмдан кўп);
- давлат улушига эга бўлмаган солиқ тўловчилар учун ягона ижтимоий тўловнинг пасайтирилиши (25%дан 12%гача),
- солиқни тўловчилар сонининг ортиши.
Фойда солиғи бўйича янги солиқ тўловчилар (41,2 минг корхона) ҳисобига даромадлар 1,6 трлн сўмни, яъни тушумлар умумий суммасининг тахминан 10%ини ташкил қилди. Нерезидентларга тўланадиган даромадлардан ташқари дивиденд шаклидаги даромадларга солиқ ставкасининг 10 фоиздан 5 фоизгача камайтирилиши (ҳам юридик шахслар, ҳам жисмоний шахслар бўйича), ушбу манба бўйича тушумларнинг камайишига олиб келмади. 2018 йилда тушумлар 616,1 млрд сўмни ташкил этган бўлса, 2019 йилда улар 838,7 млрд сўмни ташкил қилди.
III. Ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғи.
2019 йилда ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғи бўйича даромадлар 19,7 трлн сўмни ташкил этди – ўсиш -1,5 баравар. Уларнинг бюджетга тушумлардаги улуши ўтган йилга нисбатан 16%дан 18%гача ошди.
Юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғининг 5 фоиздан 2 фоизгача пасайтирилиши тушумларнинг 1,9 трлн сўмдан 1 трлн сўмгача қисқаришини назарда тутган эди. Бироқ, солиқ базасининг ошганлиги (7 баравар) туфайли 2019 йилда мазкур солиқ бўйича даромад 1,6 трлн сўмни ташкил этди. Бунда янги солиқ тўловчилардан (55 705 та корхона) тушумлар қарийб 629 млрд сўмни ёки умумий тушумларнинг учдан бир қисмини ташкил қилди.
Юридик шахслардан олинадиган ер солиғи тўловчилари сони 2018 йил билан солиштирганда 5,8 мартага ошди ва 74 707 та корхонани ташкил этди, солиқ тўловчилар доирасининг кенгайиши ҳисобига солиқ тушуми 298,4 млрд сўмга ошди.
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича бу рақам 14,8 марта ва 50 898 та корхонани ташкил қилди. Бу тушумларнинг 33,5 млрд сўмга ўсишини таъминлади.
Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича тушумлар 2019 йилда 4,2 трлн сўмга ошди ва 12,6 трлн сўмни ташкил этди.
Ягона ер солиғи бўйича тушумлар 2019 йилда 273,1 млрд сўмни ташкил этди.
Материалда талай қизиқарли ахборотлар, шу жумладан аҳолининг легал даромадлари тузилмаси бўйича ахборот мавжуд. Айтайлик, масалан, 2,4% солиқ тўловчилар 2019 йилнинг январь ойида 5500,1 минг сўм ва ундан кўп ЖШДС солинадиган даромадга эга бўлди, ноябрь ойида эса – 4,3%.
Молия вазирлиги шарҳи билан бу ерда батафсил танишиш мумкин.