Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар томонидан ҳимоя ордерини олиш тартиби Ҳукуматнинг 4.01.2020 йилдаги 3-сон қарори билан тасдиқланган.
Илгари биз қабул қилинган қарорнинг қисқача шарҳини бергандик. Қуйида ҳимоя ордерини расмийлаштириш тартибини анча батафсил кўриб чиқамиз.
Қуйидагилар уни олиш учун асос ҳисобланади:
- жабрланганнинг мурожаати;
- жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, ОАВ ва (ёки) ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар;
- тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши;
- давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар.
Тазйиқ ва зўравонлик қурбонлари тўғрисидаги ахборот ички ишлар органларининг навбатчилик қисмига келиб тушади, у ердан дарҳол тегишли профилактика инспекторларига юборилади. Ушбу маълумотларни олгач, инспектор 24 соат мобайнида:
- келиб тушган мурожаат ёки ахборотни ўрганиши;
- зўравонлик содир этган шахс билан суҳбат ўтказиши, унинг турмуш тарзи, ҳуқуқбузарлик содир этилишининг келиб чиқиши шарт-шароитларини ўрганиши;
- зўравонлик содир этган шахсни ижтимоий реабилитация қилиш чора-тадбирларини амалга ошириши шарт.
Инспектор ушбу ҳаракатлар якуни бўйича:
- тазйиқ ёки зўравонлик ҳолатлари аниқланган тақдирда - ҳимоя ордерини расмийлаштиради ва жабрланувчининг розилиги билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини ва бошқа зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи органларни хабардор қилади;
- зўравонлик ҳолатлари аниқланмаган тақдирда бу ҳақда фуқаролар йиғини раиси, хотин-қизлар билан ишлаш бўйича мутахассис иштирокида бу ҳақда далолатнома расмийлаштиради.
Ишни ўрганиш чоғида жиноят белгилари аниқланган тақдирда инспектор ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш билан бир вақтда материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборади.
Ордер 30 кун муддатгача берилади. Ушбу муддатда хавф бартараф этилмаган бўлса, ордернинг амал қилиш муддати жабрланувчининг аризасига кўра яна бир ойгача узайтирилади.
Ҳимоя ордери қуйидагиларни назарда тутиши мумкин:
- зўравонлик содир этган шахснинг жабрланувчи билан алоқасини (иш жойларида ва таълим муассасаларида уларнинг билвосита алоқасига йўл қўйилади), шунингдек уларнинг бир хонада бирга бўлишини тақиқлаш;
- зўравонлик содир этган шахснинг қуролни (бундан хизмат қуроли мустасно) сақлаш ва олиб юриш, уни сотиб олиш учун рухсатнома олишга доир ҳуқуқини чеклаш ёхуд тақиқлаш.
Бундан ташқари, ордер тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган шахснинг зиммасига маънавий зиённи компенсация қилиш, шунингдек аёлнинг даволаниш, маслаҳат олиш, махсус марказга жойлаштириш учун харажатларини қоплаш мажбуриятини юклаши мумкин.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 4.01.2020 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.