Ўзбекистон 2015 йилда МҲХСни жорий этишга киришган. Бироқ акциядорлик жамиятларининг 2015-2018 йиллар учун эълон қилинган молиявий ҳисоботлари ва ушбу ҳисоботларга ХАС бўйича аудиторлик хулосаларининг таҳлили шуни кўрсатдики, уларни тайёрлаш учун компаниялар томонидан катта харажатлар қилинганлигига қарамай, сифати ва МҲХСга тўлиқ мувофиқ бўлиши юзасидан кутилган натижа ўзини оқламади. Аксарият АЖлари шунчаки ПФ-4720-сон Фармон талабларига эътибор беришмаган.
Ўзбекистонда МҲХС бўйича иккинчи уриниш самарали бўладими? У жорий этишнинг қандай механизмларини назарда тутади? Buxgalter.uz саволларига Молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ жавоб берди.
Нима учун биз МҲХСни қайта йўлга қўймоқдамиз
- 2015 йилда МҲХСга ўтиш тўғрисида ҳужжат бўлган эди. Нима учун янгисини қабул қилиш керак?
- Бу ҳужжат етарли даражада самарали ишламади. МҲХС бўйича ҳисобот топшириши шарт бўлган ташкилотларнинг ҳаммаси ҳам буни бажармади. Баъзилари эса расмиятчилик учун ҳисобот топширишди. Ҳужжатда мақсадлар тўғри қўйилган, бироқ уларни рўёбга чиқариш механизмлари кўрсатиб ўтилмаганди.
Президентнинг ПФ-4611-сон қарорида МҲХСга комплекс ёндашув амалга оширилган бўлиб, у қуйидагиларни ўз ичига олади:
- уларни жорий этиш йўлида аниқланган барча тўсиқларни бартараф этиш;
- халқаро ташкилотларнинг, хусусан - Сертификатланган дипломли бухгалтерлар ассоциациясининг (АССА) ишланма ва йўлга қўйилган дастакларидан кенг фойдаланиш;
- касбга ўқитиш бозорини шакллантириш ва ривожлантиришда давлатнинг фаол иштирок этиши;
- доимий давлат назорати.
Биз 2021 йилдан МҲХСга ўтиши лозим бўлган корхоналар рўйхатини белгиладик. Бу – молиявий натижалари, биринчи навбатда хорижий кредитлар ва инвестицияларни жалб этиш учун тушунарли ва шаффоф бўлган хўжалик юритувчи субъектлар.
Бунинг учун ҳар бир шундай компанияда камида уч нафар сертификатланган мутахассис бўлган махсус бўлим ташкил этилиши даркор. Улар 2021 йил якунларига кўра халқаро стандартлар бўйича сифатли ҳисобот тайёрлашлари учун камида 2020 йилдан МҲХСга ўтишлари ёки 2020 йил ҳисоботини трансформация қилишлари лозим.
Кадрлар ва ўқитиш
- Шунча малакали мутахассисларни қаердан олиш мумкин?
- Биз бу ишга барча таълим муассасаларини, энг аввало, олий таълим муассасаларини жалб қиламиз.Президент қарорида ўз ўқув дастурларини Сертификатланган дипломли бухгалтерлар ассоциациясида (АССА) аккредитация қилишлари даркор бўлган 4 та “тажриба” олий таълим муассасалари кўрсатилган. Бу мазкур ОТМ битирувчиларига бир нечта имтиҳон топширмасдан, анча қисқа муддатда халқаро малака олиш имконини беради.
Шунингдек, “Бухгалтерия ҳисоби” ва “Аудит” фанлари бўйича талабалар ва ўқитувчилар давлатдан ёрдам оладилар.
Агар инсон халқаро даражадаги билимни олишга интилса, биз уни қўллаб-қувватлашимиз керак. Ахир ўқиш ва имтиҳонларни топшириш арзонга тушмайди. Ўқиш қиймати тахминан 2 млн сўм, имтиҳонга рўйхатдан ўтиш ва уни топшириш ҳам арзон эмас. АССАнинг биринчи поғонаси доирасида имтиҳонни муваффақиятли топширган ўқувчиларга биз ушбу харажатларни қопламоқчимиз. Ушбу мақсадларга республика бюджетининг қўшимча даромадлари ҳисобидан, дастлабки ҳисоб-китобга кўра жорий йилнинг ўзида тахминан 2 млрд сўм ажратилади.
Бундан ташқари, халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлган талабгорлар олий таълим муассасалари магистратурасининг “Бухгалтерия ҳисоби” ва “Аудит” мутахассисликларига кириш имтиҳонларини топширмасдан тўлов-контракт асосида кириш ҳуқуқига эга бўлишди.
Ушбу мутахассисликлар бўйича ОТМда ўқитишни 4 йилдан 3 гача қисқартирган ҳолда унинг интенсивлигини ишлаб чиқиш ва ошириш юзасидан топшириқ мавжуд. Лекин олдин бу бошқа мамлакатларда қандай йўлга қўйилганлигини ўрганиб чиқиш лозим.
- Бундан келиб чиқадики, давлат МҲХСга ўқитишда ОТМга умид қилмоқдами?
- Олий таълим муассасалари фундаментал таълим беради, шу боис уларга алоҳида эътибор берилади. Бироқ биз МҲХСга ўқитишни ташкил этадиган нодавлат таълим муассасаларини ҳам қўллаб-қувватлаймиз.
Яқин икки йил мобайнида камида 3 минг нафар мутахассисларни тайёрлашимиз керак. Ҳозирги кунда фақатгина 6-7 та ўқув маркази уларни юқори даражада тайёрлай олади, уларнинг 4 таси АССА томонидан аккредитация қилинган. Масофадан ўқитишдан ҳам кенг фойдаланамиз.
Талабалар, ўқитувчилар, амалдорлар ва бухгалтерларни ким ўқитиши - ОТМлар ёки ўқув марказларими, бунинг аҳамияти йўқ. Биз ўқитишни таълим муассасасининг туридан қатъи назар, харажатларнинг бир қисмини компенсация қилиш орқали субсидиялаймиз, асосийси у халқаро ташкилот томонидан аккредитация қилинган бўлсин.
- Ўқиш ва имтиҳон топшириш истагида бўлган шу уч минг нафар киши топилишига ишончингиз комилми?
- Ишончим комил. Бошқа мамлакатлар тажрибасидан кўринадики, МҲХСни профессионал даражада эгаллаган мутахассислар қадри жиддий равишда ошади. Биз мингта бўш иш ўринларини яратамиз. Бу малакали бухгалтерлар ва аудиторларга бўлган талабни оширади, уларнинг иш ҳақи жиддий равишда ошиши керак. МҲХС бўйича мутахассиснинг иш ҳақи бухгалтериянинг оддий ходимлари ставкасидан анча юқори.
Меҳнат бозоридаги таклиф талабга тезда муносабат билдиради. Мисол учун, икки йил олдин бизда фойда солиғи ва ҚҚСни биладиган бухгалтерлар кам эди. Бироқ солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар ушбу солиқларни билиши талаб этилган талай бўш иш ўринлари пайдо бўлишига олиб келди. Бундай бухгалтерларнинг иш ҳақи ўсди, ўқув марказлари уларни фаол тайёрлашни бошлади. Яъни бозор талабга жуда тез муносабат билдирди.
Умид қиламанки, бу ерда ҳам шундай натижа бўлади. Бинобарин, давлат МҲХСга ўқитиш бозорида талабни ҳам, таклифни ҳам моддий жиҳатдан рағбатлантиради.
Давлат назорати, санкциялар
- Фармонга кўра 2015 йилдан МҲХСга ўтиши шарт бўлган кўпгина АЖлари ушбу талабга эътибор беришмади, кўплари эса бунда юзаки муносабатда бўлишди. Уларни ҳеч ким текширмади, ҳаққоний бўлмаган ҳисобот учун улар ҳеч қандай тарзда жавобгар бўлишмади.
- МҲХС бўйича ҳисобот сифатининг ташқи назорати жуда муҳим. Барча ишларни Молия вазирлигининг Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубиёти бошқармаси тузилмасида ташкил этилган махсус бўлим мувофиқлаштиради.
Назорат самарали бўлиши учун Молия вазирлиги, ДСҚ, Давлат активларини бошқариш агентлигидаги кўп сонли давлат хизматчиларини МҲХСга ўқитиш лозим. Ўқитиш ва имтиҳонни рўйхатдан ўтказиш харажатларини ҳам давлат хизматчиларига бюджет қоплаб беради.
Қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилмаганлик учун маъмурий, эҳтимол, молиявий жавобгарлик назарда тутилиши даркор. Шунингдек, касбга доир ташкилотлар ХАС бўйича аудит сифатини ташқи назоратдан ўтказишлари керак ва биз улар бу ишни фаоллаштиришларига умид қиламиз.
БҲМС билан нима бўлади
- Умуман нима учун бу Ўзбекистонга керак? Нима учун Молия вазирлиги бухгалтерия ҳисоби ислоҳотини солиқ ислоҳотидан кейин дарҳол йўлга қўймоқда?
- Икки йил олдин, молиявий секторда ислоҳотлар бошланган пайтда, биз ҳозир мавжуд бўлган ҳисобот билан хорижий капитални жалб қилиб бўлмаслигини тушуниб етдик. Бу бюджет ҳисоботини трансформация қилиш ва давлат секторида молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига босқичма-босқич ўтишни (IPSAS) йўлга қўйиш заруратини талаб этди.
Компаниялар ўса бошлади, Ўзбекистон анча очиқ бўлди, инвестицияларни фаол жалб қила бошлади. Бироқ ҳар қандай инвестор, корхонанинг молиявий ҳисоботини ўргана туриб, уни унчалик тушунмайди. Унга буни тушунтириш учун, барча ахборотни, бунинг устига халқаро аудиторлик компаниясини жалб қилган ҳолда халқаро стандартларга трансформация қилишга тўғри келади.
Хорижий капитал иштирокидаги талай компаниялар аллақачон МҲХСдан фойдаланишмоқда. Хўжалик юритувчи субъектларнинг анча кенг доираси учун ушбу тартибни босқичма-босқич жорий этиш вақти келди.
Ўйлайманки, айнан шу корхоналарни янги даражага олиб чиқади.
- Ҳисоботни МҲХС бўйича топширадиган ташкилотлар параллел равишда БҲМС бўйича бухгалтерия ҳисоби ва солиқ ҳисобини юритишлари мажбурий бўлади. Бу осон бўлмайди...
- Солиқ ҳисоби – ўзича, у солиқларни ҳисоблаб чиқариш мақсадларида доим зарур бўлади.
МҲХС ва БҲМС бўйича ҳисобга келсак – биз 2025 йилга келиб иккиёқлама ҳисоб муаммосини қуйидаги тарзда ҳал қилиш вазифасини қўйдик. Ўрта ва йирик бизнес ҳисоб ва ҳисоботни фақат МҲХС бўйича юритади. Кичик бизнес эса – халқаро стандартларга яқинлаштирилган миллий стандартлар бўйича.
МҲХСда кичик бизнесга зарур бўлмаган ва уларга риоя қилиш катта харажатларни талаб қиладиган жиҳатлар мавжуд. Биз шунчаки улардан буни талаб қилмаймиз. Бироқ умуман олганда, шундай деймиз, “МҲХС кичик бизнес учун”. Бу – келгуси йиллар учун вазифа.