Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) қуриш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди (20.02.2020 йилдаги 104-сон ВМҚга қаранг).
Ҳужжат билан ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) умумий жойлаштириш, шу жумладан бинолар ташқи қисмида ўрнатиш тартиби, шунингдек шаҳар ёки ҳудудларнинг ижтимоий фаоллигини, тарихий-маданий қийматини ҳисобга олган ҳолда ўрнатиладиган объектларнинг турлари ва кўринишларини, дизайнерлик ечимлари ва ўлчамлари белгиланади.
Низом талаблари қуйидагиларга татбиқ этилмайди:
- истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жисмоний ва юридик шахслар тўғрисида ахборот жойлаштирилган маълумот тахталари ва бошқа техник воситалар;
- реклама ҳусусиятига эга бўлмаган маълумотлар тахтаси;
- бинолар (иншоотлар) ташқарисида ва ер ости пиёдалар ўтиш жойларида (реклама ҳусусиятига эга бўлмаган) фақат афиша ва эълонлар жойлаштириш (тарқатиш) учун мўлжалланган техник воситалар. Бундай техник воситаларда афиша ва эълонларни жойлаштириш қонунчиликка мувофиқ айрим ташкилотларга ёки фуқароларга юклатилган бўлади;
- савдо объекти ёки хизмат кўрсатиш объекти ички тарафида маҳсулотни сақлаш, кўчириш, қадоқлаш, намойиш этишга мўлжалланган реклама кўринишидаги мебель, инвентарь, асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситалар.
Низом билан тасдиқланган талабларни амалга ошириш бўйича ваколатли органлар этиб туман (шаҳар) ҳокимликлари белгиланган.
Ташқи реклама фаолияти юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан амалга оширилади. Республика ҳудудида ўрнатилган ташқи реклама объектлари (конструкциялари) мавжуд биноларнинг ташқи меъморий кўринишига мос келиши, уларни жойлаштириш жойлари эса ҳудудий режалаштириш схемасига мувофиқ бўлиши керак. Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) уларга реклама ёки ахборот хабари ёки тасвирни жойлаштирмасдан ўрнатишга ва фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Ташқи реклама объектлари (конструкциялари) реклама жойининг паспорти ва техник чизмаси мавжуд бўлганда ўрнатилади. Транспорт воситаларининг ҳаракатланиш зонасида иш олиб боришда, объектлар (конструкцияларни) ўрнатишда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиниши керак.
Ташқи рекламани йўл четидаги махсус ҳудудда ўрнатишда ажратувчи йўлакларда ва йўл четидан 1 метр ва ундан кам бўлган масофада жойлашган ташқи реклама объектлари (конструкциялар) ҳайдовчи ва пиёдалар учун кўришни чекламаслиги лозим. Реклама майдонининг пастки четидан йўл қопламаси юзасигача бўлган масофа 5 метрдан кам бўлмаслиги ва техник восита конструкцияси транспорт воситалари хайдовчилари учун кўришни чекламаслиги лозим.
Қуйидаги жойларга алоҳида турган объектларни (конструкцияларни) ўрнатиш тақиқланади:
- троллейбусларнинг алоқа тармоқлари мавжуд бўлганда, уларнинг йўлга чиқиш қисмига;
- қатнов қисмида ва пиёдалар йўлакчаларида;
- жамоат транспорти бекатларида;
- йўл ва кўчалар четларида 5 метрдан паст баландликда;
- бевосита туннелларга кириш ва чиқиш жойлари ёнида ва улардан 5 метрдан яқин бўлмаган масофада.
Реклама конструкциясини ўрнатиш (монтаж қилиш), ундан фойдаланиш ва олиб ташлаш бўйича ишлар конструкция эгаси томонидан ер участкаси, бино ва бошқа мулкнинг мулкдори (балансда сақловчиси) ёхуд ушбу мулк эгаси томонидан ваколатланган шахс билан, электр таъминоти тармоқларига уланганда эса электр таъминоти линиялари ва ташқи ёритиш тармоқлари ускуналаридан фойдаланувчи ташкилот билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Реклама жойининг паспорти Давлат хизматлари марказларига ариза ёзиш орқали олинади. Бунда барча зарур ҳужжатлар ва келишувлар тегишли давлат хизмат кўрсатиш марказлари томонидан мустақил равишда жамланади. Ташқи реклама объектлари (конструкциялари) реклама майдонининг паспорт рақами ва объект эгасининг алоқа маълумотларини кўрсатган ҳолда расмийлаштирилиши керак. Ўлчами 500 кв.см дан кам бўлган ташқи реклама учун ҳақ ундирилмайди.
Осма восита сим арқонли мослама ва бевосита реклама майдонидан иборат. Сим арқонлар устунларга ёки осма восита учун махсус ўрнатилган маҳкамлашнинг техник имкониятига эга бино ва иншоотларга маҳкамланади. Улар фақат ваколатли органнинг рухсати олингандан сўнг жойлаштирилади ва шаҳар ёритиш тармоғи устунларига уланмайди. Йўл устига осма транспарантлар ўрнатишга рухсат этилмайди.
Кўрсаткичлар кўринишидаги реклама воситалари фақат юридик ёки жисмоний шахс ҳақида ахборот бериши, яъни ушбу корхонанинг эмблемаси ёки фирма белгисини, номини ва мазкур ташкилот жойлашган манзилини акс эттириши мумкин. Корхона, маҳсулот ёки хизматлар тўғрисидаги бошқа маълумотларнинг мавжудлиги ташқи реклама ҳисобланади. Кўрсаткичлар юридик ва жисмоний шахслар жойлашган жойни акс эттириш учун уларнинг жойлашган жойидан 500 метргача масофага ўрнатилиши мумкин. Ахборот кўрсаткичларининг ўлчами 3 кв.метр ва узунлиги 2 метрдан ортиқ бўлмаслиги керак.
Аҳолига хизмат кўрсатувчи корхона ва ташкилотларнинг ахборот ва реклама воситалари пешлавҳалар ва ахборот воситаларидан (ахборот конструкцияларидан) иборат бўлади. Сутканинг қоронғи вақтида пешлавҳалар ёритилиши мумкин. Пешлавҳанинг ўлчами бинонинг мазкур пешлавҳа ўрнатиладиган томони майдонининг 5%идан катта бўлиши мумкин эмас. Ҳажми 5,5 кв.м гача бўлган пешлавҳалар ташқи реклама объекти ҳисобланмайди. Пешлавҳаларда корхонанинг номи, жойлашган жойи, иш тартиби акс эттирилиши мумкин.
Ахборот пешлавҳалари бинонинг деворида корхонага кириш жойи ёнида ёки кириш эшигида жойлаштирилиши мумкин. Ахборот пешлавҳасининг ҳажми 1,0 кв.м дан ошмаслиги керак. Умумий овқатланиш корхоналарининг ахбороти улар томонидан кўрсатиладиган хизматлар билан истеъмолчиларни таништиришга мўлжалланган мажбурий ахборот: меню, прейскурантлар, хизмат кўрсатиш шартлари тўғрисидаги маълумотлар бинонинг ичкарисида ёки олд деворида жойлаштирилади, ҳажми 2 кв.м дан ошмаслиги керак.
Ташқи реклама объектларида (конструкцияларида) жойлаштирилган театр ва концерт плакатлари, маданий тадбирлар, спорт ва бошқа тадбирлар, турли реклама эълонлари ташқи реклама ҳисобланади. Уларнинг жойлаштирилиши қабул қилинган ҳужжат талабларига мос келиши керак. Умумий майдони 2 кв.м дан кам бўлган театр ва концерт плакатлари ташқи реклама жойлаштириш учун тўловлардан озод этилади.
Тасдиқланган Низомда ҳажмдор реклама конструкцияларини, байроқ композицияларини, биноларнинг томи ва деворларида, шаҳар мебель объектларида (бекатлар, тумбалар, таксофонлар), мобиль объектларда ўрнатиладиган конструкцияларни жойлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланган. Шунингдек айрим реклама турларига, реклама объектларини (конструкцияларини) жойлаштиришга доир талаблар, реклама объектлари (конструкциялари) эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қайд этилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.02.2020 йилдан кучга кирди.
Анвар Иркаходжаев.