Президент Навоий кон-металлургия комбинатини ислоҳ қилиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолади (6.03.2020 йилдаги ПҚ-4629-сон қарорга қаранг).
«Навоий КМК» ДК табиий уран ва нодир металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш корхонаси - «Навоийуран» давлат корхонасига қайта номланди. «Навоий КМК» ДК мол-мулкининг қисми негизида амалдаги шартномалар доирасида унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворислик берилган ҳолда қуйидагилар ташкил этилади:
- қимматбаҳо металларни қазиб олувчи ва ишлаб чиқарувчи, «Навоий КМК» АЖ ишлаб чиқариш корхонаси, хусусан, унинг тасарруфига берилаётган эмулсиявий-портловчи моддалар ишлаб чиқарувчи мулкий комплекс;
- «НКМК жамғармаси» ДМга бериладиган объектлар, шу жумладан агроучасткалар ва ёрдамчи объектлар, меҳмонхоналар, ҳаммом ва тозалаш хўжалиги объектлари, ишлаб чиқариш цехлари, омборхона иншоотлари, бошқа тижорат объектлари ва қимматбаҳо қоғозлар (асосий фаолият тури билан боғлиқ бўлмаган объектлар), шунингдек ижтимоий инфратузилма, жумладан тиббий-санитар хизматлар, маданият ва спорт, дам олиш ва соғломлаштириш, умумий овқатланиш, уй-жой коммунал хўжалиги объектлари, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, хизмат турар жойлари ва ётоқхоналари.
Давлат активларини бошқариш агентлиги НКМК жамғармаси ва «Навоийуран» ДКнинг таъсисчиси ҳисобланади, Молия вазирлиги «НКМК» АЖ устав капиталидаги давлат улушининг акциядори (таъсисчиси) функциясини бажаради.
НКМКда ходимлар борасида ўзгаришлар бўлмайди. Улар «НКМК» АЖ ва НКМК жамғармасига Меҳнат кодексининг 98-моддасига мувофиқ ўтказилади. Ходимлар билан янги меҳнат шартномаси тузиш талаб қилинмайди, амалдаги меҳнат шартномасига зарур ўзгартиришлар киритилади. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг амалдаги шартлари, шу жумладан белгиланган тариф разрядлари ва ставкалари, мукофотлар, қўшимча ҳақлар ва устамалар, моддий ёрдам ва туман коэффициентлари, шунингдек қонун ҳужжатлари ва жамоа шартномасида кўзда тутилган имтиёзлар, шунингдек товон, компенсация ва нафақаларнинг барча турлари сақлаб қолинади. Ходимлар ва уларнинг оила аъзолари, худди аввалгидек, ижтимоий инфратузилма объектларидан имтиёзли шартларда фойдаланишлари мумкин бўлади.
Асосий жиҳати – 5 йил давомида ходимлар сонини қисқартириш ва фаолият турини ўзгартиришга, шунингдек НКМК жамғармасига берилаётган асосий фаолият тури билан боғлиқ бўлмаган объектлардан ташқари ижтимоий инфратузилма объектларини хусусийлаштиришга йўл қўйилмайди.
2020 йил 15 мартдан «НКМК» АЖнинг маъдан захиралари ва захиралар ҳолати тўғрисидаги ҳисоботлари, техник ҳисоботлари, конларнинг камайиши (истиқболли майдонлар) тўғрисидаги ҳисоботлари, кон ишлари бўйича лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари Қидирув натижалари, минерал ресурслар ва маъдан захиралари тўғрисида ҳисобот юритишнинг Австралия кодексига (JORC Code) мувофиқ тайёрланади ҳамда улар эълон қилиниши шарт. Ушбу ҳужжатлар Давлат геология қўмитаси томонидан лицензиялар беришда ҳамда фойдали қазилмалар захираларининг давлат балансида ҳисобини олиб бориш учун қабул қилинади.
Марказий банк қимматбаҳо металлар активларини тўлдириш мақсадида «НКМК» АЖдан аффинланган қимматбаҳо металларни олди-сотди шартномаси асосида харид қилишда устувор ҳуқуққа эга бўлди. МБ харид қилишни рад этган тақдирда, «НКМК» АЖ Президент Администрацияси билан келишган ҳолда аффинланган қимматбаҳо металларни Лондон қимматбаҳо металлар бозори ассоциацияси савдоларида юзага келган нархларда учинчи шахсларга сотиши мумкин.
«НКМК» АЖда энг яхши корпоратив бошқарув амалиётлари жорий этилади. Хусусан, кузатув кенгашига икки нафар мустақил аъзо тайинланади, ушбу кенгаш қошида қўмиталар ташкил этилади, ахлоқ кодекси, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги низом ва корпоратив бошқарув соҳасидаги бошқа ички ҳужжатлар ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. «НКМК» АЖ, «Навоийуран» ДК ва НКМК жамғармаси бошқаруви ва кузатув кенгаши таркибига чет эл фуқаролари 35%гача жалб этилади. Жорий йил 1 ноябрга қадар камида 300 млн АҚШ доллари миқдорида корпоратив еврооблигациялар чиқариш, «НКМК» АЖ молиявий бошқарув тизимини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 6.03.2020 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.