Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКогда можно не относить на себестоимость продукции амортизацию производственных ОС Почему налоговое ведомство так избирательно признает налоговые льготы Что делать работодателю, если работника привлекают к уголовной ответственности

Ғалла етиштириш соҳаси 2 босқичда ислоҳ қилинади

11.03.2020

Читать на русском языке

 

Президент томонидан ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш тўғрисидаги қарор имзоланди (6.03.2020 йилдаги ПҚ-4634-сон қарорга қаранг).

 

Ҳужжатдан келиб чиққан ҳолда маҳаллий қишлоқ хўжалиги соҳасида кенг кўламда ислоҳотлар амалга оширилади.

 

Биринчидан, 2020 йил ҳосилидан бошлаб:

  • контрактация шартномалари миқдори ҳар бир ғалла етиштирувчи учун 25%га камайтирилади. Бунда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг фермер хўжаликлари ва ғаллачилик кластерлари билан «Ўздонмаҳсулот» АК тизимидаги корхоналар ўртасида давлат харидлари доирасида тузилган контрактация шартномалари ҳақида сўз бормоқда. Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) томонидан уруғлик дон учун амалдаги устама тўлаш тартибини сақлаб қолган ҳолда 2 265 минг тонна буғдой харид қилинади. Ҳукумат томонидан 10 майгача дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш учун 2020 йилда харид қилинадиган ғалла нархлари белгиланади;
  • давлат буюртмаси асосида бошоқли дон етиштириш амалиёти босқичма-босқич бекор қилинади;
  • ички бозорда дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун давлат томонидан харид қилинадиган буғдой мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча корхоналарнинг донни сақлаш талабларига мос келадиган омборлар (сиғимлар)ида шартнома асосида сақланади.

 

Иккинчидан, 2021 йил ҳосилидан бошлаб:

  • давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечилади;
  • давлат хариди тўлиқ бекор қилинади ҳамда фермерлар ва бошқа корхоналар томонидан етиштириладиган ғалла барча истеъмолчиларга, шу жумладан донни қайта ишловчи корхоналар, ғаллачилик кластерлари ва трейдерларга биржа савдолари орқали ёки тўғридан-тўғри шартномалар (фьючерс, форвард ва бошқалар) асосида эркин нархларда сотилади;
  • ички бозорда дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун зарур миқдордаги дон Жамғарма томонидан фьючерс, форвард шартномалари асосида ёки биржа савдолари орқали эркин нархларда харид қилинади;
  • дон етиштирувчи хўжаликларни сифатли уруғлик билан таъминлаш мақсадида сертификатланган уруғлик етказиб бериш тизими сақлаб қолинади ҳамда 2021-2023 йилларда уруғлик босқичма-босқич Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги уруғчилик кластерлари ва элита уруғчилик хўжаликлари, ғаллачилик кластерлари томонидан етказиб берилади.

 

Ҳар йили 1 августга қадар келгуси йил ғалла ҳосили учун кутилаётган минимал нархлар эълон қилинади. Бозорлардаги нархлардан келиб чиқиб, ҳар чоракда ушбу нархга тузатишлар киритиб, ОАВда эълон қилиб борилади. 

 

Ички бозорда дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш Жамғарма зиммасига юклатилади. Ушбу мақсадларда харид қилинадиган дон Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан келишилган ҳолда, аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича Бош вазир ўринбосари томонидан тасдиқланадиган ойлик график асосида биржа савдоларида сотувга қўйилади. Буғдойни харид қилиш, сотиб олиш, ташиш, сақлаш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек зарур ҳолларда харид қилиш ва сотиш нархлари ўртасида юзага келган салбий тафовут Жамғармага республика бюджетидан қоплаб берилади.

 

Ушбу соҳада ҳам пахтачиликдаги сингари аралаш кредитлаш модели жорий этилади: фоиз ставкаси қатъий белгиланган ҳолда соҳа мақсадли жамғармаларининг ресурслари ҳисобидан кредитлар ҳамда фоиз харажатларининг муайян қисми компенсацияланган ҳолда тижорат кредитлари ажратилади. Тизимда 2020 йил 1 июндан бошлаб қуйидаги кўринишда иш олиб борилади:

 

а) фермер хўжаликлари, ғаллачилик кластерлари ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликларининг ғалла етиштириш харажатларини молиялаштириш учун Жамғарма маблағлари ҳисобидан 12 ой муддатгача қуйидагича ставкалардан (шундан банк маржаси 2%) ошмаган миқдорда кредитлар ажратилади:

  • ғалла ялпи ҳосили умумий қийматининг 40%игача бўлган миқдорда молиялаштирилганда – йиллик 10%;
  • 50%игача бўлган миқдорда молиялаштирилганда - йиллик 12%.

 

Бунда қарз олувчилар агротехник тадбирларни ўтказиш хусусиятларидан келиб чиқиб, кредит маблағларидан эркин фойдаланади ҳамда моддий ресурслар етказиб берувчиларни ихтиёрий танлайди. Ғаллачилик кластерлари томонидан фермер хўжаликларининг ғалла етиштириш билан боғлиқ харажатларини бўнаклаш пул маблағлари шаклида амалга оширилади. Кредит маблағларининг муддатида қайтарилмаган қисми тижорат кредити сифатида қайта расмийлаштирилади;

 

б) мулкчилик шаклидан қатъи назар, донни қайта ишловчи корхоналар ҳамда донни қайта ишлаш қувватига эга бўлган ғаллачилик кластерлари томонидан республикада етиштирилган ғаллани харид қилиш учун тижорат банклари томонидан тижорат кредитлар расмийлаштирилади. Кредит миқдори - 50 млрд сўм, муддати – 12 ой. Қарздорларга фоиз харажатларини қоплаш учун Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан қуйидаги тартибда компенсация берилади:

  • миллий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг МБ асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмига;
  • хорижий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 30%игача, лекин 3 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда.

 

«а» кичик банди бўйича кредитларнинг муддатида қайтарилмаган қисмига компенсация берилмайди. Ҳукумат Марказий банкнинг асосий ставкаси ўзгарган ҳолларда Жамғармадан ажратилаётган кредитлар фоиз ставкаларига, банк маржасига ҳамда бериладиган компенсация миқдорига ўзгартириш киритишга ҳақли.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 7.03.2020 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов.