Бу Вазирлар Маҳкамасининг 9.03.2020 йилдаги «Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 132-сон қарорида белгиланган.
2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлаш тизими жорий этилади.
Мактабгача таълим вазирлигининг ушбу соҳадаги асосий вазифалари белгиланди. Хусусан, у мактабгача таълимга қамраб олинмаган болалар учун тайёрлов гуруҳларини шакллантиради.
Тайёрлов гуруҳлари учун:
- 2019/2020 ўқув йили 2020 йил 10 мартдан бошланади ва 20 августда тугайди;
- 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ўқув йили ҳар йили 2 сентябрдан бошланади ва кейинги йил 25 майда тугайди.
Болалар боғчаларида ҳамда улардан ташқари ташкил этиладиган тайёрлов гуруҳлари тарбияланувчилари бошланғич таълимга тайёргарликдан ўтган деб ҳисобланади ва мажбурий бепул бир йиллик тайёрловдан озод этилади.
Ушбу муассасаларда таълим олган болаларга бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрловдан ўтганлик тўғрисида давлат намунасидаги сертификат берилади.
2020–2025 йилларда болаларни мажбурий мактабгача таълим билан қамраб олишнинг мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. 2024/2025 ўқув йилига келиб 6 ёшдаги болалар мактабгача таълим билан 100% қамраб олинади.
Қарор билан Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлов гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Тайёрлов гуруҳлари болалар боғчаларида ташкил этилади. Улар мавжуд бўлмаганда ёки бунга шарт-шароитлар бўлмаганда, бошқа биноларда ташкил этилади. Гуруҳда болаларнинг бўлиш вақти 3-4 соатдан иборат, ўқув жараёни эса бир ёки икки сменада ташкил этилади, битта гуруҳдаги болалар сони 30 нафардан ошмаслиги лозим.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.03.2020 йилдан кучга кирди.