10 апрель куни Молия вазирлиги томонидан «Norma» компанияси кўмагида ташкил этилган видеоконференцияда ушбу мавзуда суҳбат ўтказилди. Молия вазири ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ тадбиркорлар билан ишлаб чиқариш ва сервис корхоналари фаолиятида карантин сабабли юзага келган муаммолар ва уларни ҳал этиш имкониятларини муҳокама қилди.
«Уйчипарранда» паррандачилик фабрикаси раҳбари (Наманган вилояти) Одил Рахматов паррандачиликни ривожлантиришга нималар халал бераётгани ҳақида гапириб ўтди. Муаммолар орасида биржада дон сотиб олишга доир қийинчиликлар, парранда гўшти бозор нархининг пастлиги, кредит фоизларининг юқори эканлиги ҳам қайд этилди. У парранда гўшти ва тухуми ишлаб чиқарувчиларга субсидиялар, шунингдек паст фоизлар билан кредитлар бериладиган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиб чиқиш ва қўллашни таклиф қилди.
«Шох тиббиёт маркази» хусусий клиникаси директори (Тошкент ш.) Шоаюб Абдуллаев лизинг тўловлари бўйича асосий қарз ва улар бўйича фоизларни сўндириш муддатларини 2020 йил апрелдан 1 октябргача узайтиришни таклиф қилди. Банклар томонидан бундай чоралар кўрилмоқда, лизинг берувчилар ҳам улардан ўрнак олиши лозим.
Яна бир муаммо: шифокорлар шахсий автомобилларидан фойдаланиши тақиқланганлиги хусусий клиникалар томонидан тиббий хизматлар кўрсатилишини чеклаб қўйди. Хизмат транспортида бу вазифани уддалаш мушкул бўляпти, бу ўринда уларга давлат тиббиёт муассасаларида ишлайдиган шифокорлар учун назарда тутилган тартибдагидек, рухсатнома стикерлари берилиши зарурлиги долзарб бўлиб қолмоқда.
«Донмаҳсулотпласт» МЧЖ бош директори Бахтиёр Илҳомов корхона макарон ҳамда полипропил қоплар (ун, гуруч, макарон ва бошқа маҳсулотлар учун) ишлаб чиқаради. Ҳозир корхона ярим қувватда ишлаяпти. Сабаби – жамоат транспортининг вақтинчалик тўхтатилганлиги туфайли ходимлар ишга келолмаяпти.
Ишлаб чиқариш ҳажмининг тушиб кетиши маҳсулот таннархининг ошиб кетишига олиб келмоқда, чунки доимий харажатлар камаймаяпти. Масалан, ускуналарнинг ишлаб чиқариш қувватидан тўлиқ фойдаланилганда қанча электр энергияси сарфланса, улардан 50% фойдаланилганда ҳам қарийб шунча сарфланмоқда. Шу боис ишлаб чиқариш корхоналари учун электр энергияси тарифларини 25-30%га пасайтириш ёки мақсадли субсидиялаш имкониятларини кўриб чиқиш лозим.
Фойдаланишда бўлган ускуналар учун эҳтиёт қисмларини олиш билан боғлиқ муаммолар юзага келмоқда. Бозорлар ва дўконлар ёпиқ, ушбу товарлар онлайн-савдосида зарур ассортимент топилмаяпти. Маҳсулотлар ташиладиган автотранспортда ҳам носозликлар бўлмоқда, уни таъмирлаш пунктларининг барчаси ёпиқ. Бахтиёр Илҳомов юк ташиш машиналарини таъмирлаш устахоналари ҳамда ишлаб чиқариш ускуналари учун эҳтиёт қисмлар сотиладиган дўконларнинг ишлашига рухсат бериш таклифини киритди.
«Sogdakurilish» МЧЖ (Самарқанд вилояти) ва унинг контрагентлари эҳтиёт қисмларни сотиб олишда худди шундай қийинчиликларга дуч келдилар. Корхона раҳбари Отабек Эргашев ишлаб чиқаришга мўлжалланган эҳтиёт қисмлар интернет-савдосини ташкил этиш ғоясини қўллаб-қувватлади. У карантин чоралари қўлланилган даврда лизинг тўловларини тўхтатиб туришни таклиф қилди.
«Wondernet Express Tashkent» МЧЖ ХК бош бухгалтери Наргиза Болтахўжаева компанияларга айланма маблағларни тўлдириш ва иш ҳақи тўлаш учун кредитлар зарурлигини айтиб ўтди. Кредит ставкаларини субсидиялаш ёки уларни пасайтириш ходимларни сақлаб қолишга, харажатларни камайтиришга имкон беради ҳамда вақтинчалик молиявий қийинчиликларни енгиб ўтишга ёрдам беради. ЖШДС ва ижтимоий солиқни тўлаш муддатлари кечиктирилиши ҳам бунга имконият яратиши мумкин.
«Eurasian Construction Machinery» МЧЖ ХК бош бухгалтери Анжела Ким савдо ҳажми тушиб кетган ёки ўз фаолиятини тўхтатиб турган корхоналар томонидан ходимларга тўланадиган моддий ёрдам суммасини «иш ҳақидан олинадиган» солиқлардан озод этишни таклиф қилди.
У божхонадан ўтказишга оид қуйидаги муаммони ҳам кўрсатиб ўтди: «6 та вагоним тўхтаб турибди. Яна бир нечтаси йўлда. Айланма маблағлар йўқлиги сабабли дарҳол божхонадан ўтказишнинг иложи бўлмайди. Бироқ ҚҚСни фақат у тўлиқ тўлангандан кейин ҳисобга олиш мумкин». Божхона тўловларини тўлаш муддатини кечиктириш ва вагонлар туриб қолганлиги учун жарималар ундирилишини тўхтатиб туриш ушбу муаммонинг ечими бўлиши мумкин.
Тадбиркор Азиз Тошев тақдим этилган кредитлар бўйича ҳисобланган фоизларни тўлаш муддатларини кечиктириш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этди. «Zafar Оsiyo saxovat» фермер хўжалиги 3 га майдонда замонавий иссиқхонани қуриш учун 7 йил муддатга 1 188 минг АҚШ доллари миқдорида валюта кредитини олган. ХТТБ линияси бўйича қишлоқ хўжалиги корхоналарини қайта ташкил этиш агентлиги орқали кредит олинган. Тўлов муддатини кечиктириш тақдим этилиши вақтинчалик молиявий қийинчиликларни бошидан кечираётган фермер хўжалигининг молиявий ҳолатини мустаҳкамлашга кўмак бўлиши мумкин.
Шунингдек тадбиркор меҳмонхона бизнесининг ҳолати ҳақида айтиб ўтди. Фаолият тўхтатиб турилганига ва тушумлар йўқлигига қарамай, «Golden Valley» отелининг (Тошкент) лизинг бўйича 1,7 млрд сўм миқдорида қарзи мавжуд. Компанияни асосий қарзни ва улар бўйича ҳар ойлик фоиз тўловларини сўндириш муддатлари кечиктирилиши қутқариб қолиши мумкин.
Ўзбекистон лизинг берувчилар уюшмасининг бош директори ҳамда «Ўзбеклизинг Интернешнл» АЖ раҳбари Зафар Мустафоев лизинг олувчиларнинг тўлов муддатларини кечиктириш таклифини қўллаб-қувватлади. Лизинг олувчиларнинг оғир молиявий аҳволи лизинг тўловларининг тўхтатилишига, лизинг объектлари қайтарилишига ва гаровга қўйилган мол-мулкнинг олиб қўйилишига олиб келиши мумкин. Кредитлар берилган банклар томонидан пеня ундирилмайдиган бўлса, лизинг компаниялари ҳам муддати ўтказиб юборилган тўловлар бўйича пеня ундиришдан воз кечишга тайёр.
Коронавирус пандемиясининг лизинг фаолияти ва тадбиркорликка салбий иқтисодий таъсирини камайтириш мақсадида Зафар Мустафоевнинг фикрича, қуйидагиларни тавсия этиш мақсадга мувофиқ бўлади:
- лизинг компаниялари акциядорлари ва муассисларига 2019 йил якунлари бўйича дивидендлар тўловини бекор қилишни;
- тижорат банкларига 2020 йил 1 октябрга қадар лизинг компанияларига кредит шартномаси муддати кечиктирилган даврга мутаносиб равишда узайтирилган ҳолда кредитлар ва улар бўйича фоиз тўлаш муддатларини кечиктиришни тақдим қилишни.