Давлат бюджетидан молиялаштириладиган давлат маданият муассасалари ходимлари лавозим маошларининг янги миқдорлари тасдиқланди (рўйхат рақами 3246, 18.06.2020 й.)
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 1 июндан давлат маданият муассасалари маъмурий-бошқарув, бадиий-раҳбар, артист, ижодий ва бошқа ходимларининг меҳнат ҳақи миқдорлари ўртача 45%га оширилди. Ўша пайтда меҳнатга ҳақ тўлаш гуруҳларини инобатга олган ҳолда ходимларнинг малака тоифалари ва лавозимлари бўйича базавий лавозим маошлари тасдиқланди.
2020 йил 1 февралдан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори 1,07 бараварга ёки 7%га оширилди. Тегишинча, қуйидагиларнинг маошлари худди шу тарзда индексация қилинди:
- театрлар ва циркларнинг маъмурий-бошқарув ва бадиий-раҳбар ходимлари;
- театрлар артист ходимлари;
- концерт ташкилотлари ва саройлари (театр-концерт саройи) маъмурий-бошқарув ва бадиий-раҳбар ходимлар;
- концерт ташкилотлари, мусиқа ва рақс жамоалари, шунингдек цирклардаги артист ходимлари;
- ҳайвонот боғи ходимлари;
- давлат музейлари, музей-қўриқхоналари, уй-музейлари ва бошқа музей туридаги ташкилотлардаги маъмурий-бошқарув ходимлари, шунингдек ижодий ходимлари ва мутахассислари;
- маданий-маърифий муассасаларнинг маъмурий бошқарув, ижодий ва бошқа ходимлари ходимлари;
- маданият марказлари ходимлари.
Айрим муассасалар ва ходимлар тоифаси кесимидаги оширувчи коэффициентлар ўзгаришсиз қолдирилди. Иш берувчилар-бюджет муассасаларига янги рақамларни ҳисобга олиб ўз ходимларининг иш ҳақларини қайта ҳисоблаб тўлаш топширилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.06.2020 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.