Вазирлар Маҳкамаси 12.08.2020 йилдаги «Олимпия захиралари коллежлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 480-сон қарорни қабул қилди.
Қарор Президентнинг 4.12.2019 йилдаги «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5887-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.
Ҳужжат билан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари негизида олимпия захиралари коллежларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб йўлга қўйиш вазифаси топширилган.
Белгиланишича:
- олимпия захиралари коллежларида таълим жараёни икки босқичда: умумий ўрта таълим (VII–XI синфлар) ҳамда ўрта профессионал таълим (XI синфдан кейинги бир йиллик таълим) босқичларида амалга оширилади;
- коллежларнинг асосий фаолияти – жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги юқори малакали мутахассислар ҳамда спортнинг олимпия турлари бўйича терма жамоаларини шакллантириш учун захирани тайёрлаш;
- коллежларнинг спорт турлари бўйича контингенти Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланади;
- коллежлар Ўзбекистон республика бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;
- 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб олимпия захиралари коллежларининг ўрта профессионал таълим босқичида футбол бўлимлари ташкил этилади ва уларда ушбу спорт тури бўйича мутахассислар (спортчилардан ташқари) тайёрланади.
Қарор билан қуйидагилар тўғрисидаги низомлар тасдиқланди:
- олимпия захиралари коллежлари;
- олимпия захиралари коллежига ўқувчиларни қабул қилиш, аттестациядан ўтказиш ва уларнинг ўқишини кўчириш тартиби;
- коллежларда озиқ-овқат билан таъминлаш харажатларини қисман қоплаш учун ота-оналар тўловини тўлаш тартиби;
- коллежларнинг айрим ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби.
Ҳужжатда олимпия захиралари коллежи бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларининг намунавий штатлар жадвали ҳамда олимпия захиралари коллежи ўқувчилари учун суткалик озиқ-овқат нормаси ҳам келтирилган.
Тегишли вазирликларга 2020/2021 ўқув йилига қадар ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқиш вазифаси топширилган.
Қарорда олимпия захиралари коллежларининг бино ва иншоотларини тайёрлаш, уларни зарур спорт анжомлари ва инвентарлари билан жиҳозлаш ва бошқалар бўйича топшириқлар ҳам берилган.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига икки ой муддатда:
- олимпия захиралари коллежларининг намунавий уставини тасдиқлаш;
- олимпия захиралари коллежларини замонавий педагогик технологияларни эгаллаган малакали педагог кадрлар ҳамда тренерлар билан тўлдириш юзасидан зарур чораларни кўриш вазифаси топширилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 13.07.2020 йилдан кучга кирган.
Баҳодир Қаюмов.