Ташқи ёки ички қийинчиликлар бизнеснинг тугатилишига олиб келиши мумкин. Муассислар ана шундай қарорга келган бўлсалар, корхона активлари қандай тасарруф этилади, деган савол юзага келади. Унга тааллуқли операциялар ҳисобда қандай акс эттирилади, улар қандай солиқ оқибатларига олиб келади?
Buxgalter.uz тушунтиради:
– Мол-мулкни иштирокчилар ўртасида тақсимлашдан олдин барча қарзларни сўндириш, кредиторлар, бюджет, ходимлар билан ҳисоблашиш лозим. Пул маблағлари етмаётган бўлса:
- оборотдаги активлар – товарлар, маҳсулотлар, материалларнинг қолдиқларини реализация қилинг;
- дебиторларингиз билан ишланг, барча тугалланмаган шартномаларни мантиқий якунига етказинг;
- асосий воситаларни реализация қилинг.
Диққат!
Ушбу операцияларнинг барчаси солиқ оқибатларига олиб келади, шу сабабли пул маблағларини буткул тақсимлаётганда улар солиқларни тўлашга етиши кераклигини ҳисобга олинг.
Қарзлар сўндирилганидан кейин корхона балансида қиймати бўйича ўз капиталига тенг бўлган активлар (соф активлар) қолади. Одатда асосий воситалар, пул ва бошқа молиявий активлар қолади. Улар ҳар бир муассиснинг устав капиталидаги улушига мутаносиб равишда тақсимланиши кераклиги боис асосий воситаларни тақсимлашда қийинчиликлар юзага келади.
Кўп ҳолларда мулкдорлар нимани киритган бўлсак, ўшани олиб кетишимиз керак деб ҳисоблайдилар. Бунда энди у корхонанинг мулки эканлигини унутмаслик лозим. Иштирокчиларнинг умумий йиғилиши бу ҳақда қарор қабул қилса, бундай ёндашувни оқлаш мумкин.
Корхона фаолият юритган даврда харид қилинган асосий воситаларни тақсимлаш жуда мушкул. Бу муаммони қуйидагича ҳал қилиш мумкин:
- АВни реализация қилиб, муассисларга уларнинг улушларига мутаносиб миқдорда пул маблағларини тўлаш;
- муассисларнинг қарори билан АВни тақсимлаш. Бунда асосий восита қиймати ва муассиснинг улуши ўртасидаги ижобий фарқни у корхонанинг счётига тўлаши ёки унинг даромади деб тан олиниши мумкин. Салбий фарқ пул маблағлари ёки бошқа активлар билан сўндирилиши мумкин.
Диққат!
Активларнинг мулкдорлар ўртасида тақсимланиши солиқ оқибатларига олиб келиши мумкин, шу сабабли пул маблағларини тақсимлаётганда ҳисобланган солиқларни тўлаш заруратини назарда тутинг.
Активларни тақсимлаётганда корхонанинг ўз капитали таркибини ҳисобга олинг. Одатда унга устав капитали, тақсимланмаган фойда (қопланмаган зарар), жамғарилган қайта баҳолаш киради.
АВни қолдиқ қийматидан паст бўлмаган қийматда тақсимлаш чоғида жамғарилган қайта баҳолаш уларнинг чиқиб кетишидан олинган солиқ солинадиган даромадга айланади.
Тақсимланмаган фойдани тақсимлаётганда дивидендлар ҳисобланади, улардан солиқ ушлаб қолиш лозим.
Қопланмаган зарар мавжуд бўлса, муассислар киритганидан кўра камроқ сумма тақсимланиши аён. Яъни зарар суммаси ҳар бир иштирокчининг улушига мутаносиб ҳиссанинг қайтариладиган суммасини камайтиради.
Buxgalter.uz да батафсил ўқинг.