10 сентябрда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов қайта молиялаштириш ставкаси пасайтирилишининг сабаблари ҳақида гапириб берди. МБ Бошқарувининг 10.09.2020 йилдаги мажлисида асосий ставкани йиллик 14%гача пасайтириш ҳақида қарор қабул қилинди.
Иқтисодий фаоллик сусайиши фонида ташқи ва ички талабнинг пасайиши шароитида инфляция прогнози пасайиш томон ўзгарди. Хусусан, 2020 йил охирига келиб прогнозларга кўра инфляция қарийб 11–12,5%ни ташкил этади, бу илгари режалаштирилганидан (13,5%) 1%га паст.
Карантин таъсирларининг камайиб бориши билан иқтисодиётнинг босқичма-босқич тикланиши кутилмоқда. Бироқ, аҳоли даромадларининг нисбатан пастроқ ошиши, шунингдек, иқтисодий агентларнинг қарорлар қабул қилишдаги эҳтиёткорона ёндашуви сабабли иқтисодиётнинг инқирозгача бўлган даражасига қайтиши учун узоқроқ вақт талаб этилади.
Инфляция даражаси динамикаси ва омиллари
2020 йилнинг 8 ойида инфляция динамикаси қуйидагиларнинг таъсири остида шаклланди:
- электр энергияси ва газ тарифларини ошириш муддатларининг кечиктирилиши;
- карантин чекловлари ҳисобига аҳоли даромадлари ва бандлик даражасининг пасайиши натижасида ички талабнинг қисқариши;
- миллий валюта курсининг ж.й. апрель ойидаги девальвациясидан сўнг кейинги ойларда барқарорлашуви ҳисобига девальвацион босимнинг қисқариши.
Инфляция даражаси ж. й. январь–август ойлари давомида 2019 йил якунидаги йиллик 15,2%дан 11,6%гача секинлашди ва инфляциянинг мақсадли траекториясидан паст бўлди. Бунга тартибга солинадиган нархларнинг ўзгаришсиз қолганлиги, мева-сабзавотлар нархларининг мавсумий пасайиши ҳамда иқтисодиётга кредит қўйилмаларининг ўтган йилга нисбатан секинроқ суръатда ўсганлиги сабаб бўлди.
Йиллик инфляция таркибида ноозиқ-овқат маҳсулотлари (8%) ва хизматлар (7,5%) нархлари умумий инфляцияга пасайтирувчи таъсир кўрсатган бўлса, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари (16,8%) пандемия шароитида ушбу гуруҳ товарларига бўлган талабнинг ошганлиги сабабли нисбатан юқори суръатларда ўсди.
Июль–август ойларида базавий инфляция даражаси ҳам умумий инфляция каби пасаювчи тенденциясига эга бўлди ва 8 ойлик якунлари бўйича йиллик 12,2%ни ташкил этди.
Аҳоли ва бизнеснинг инфляцион кутилмалари
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалари ж. й. июль ойидаги ўсишдан сўнг сезиларли даражада пасайди. Бироқ, инфляцион кутилмалар ва амалдаги инфляция ўртасидаги фарқ март ойидан буён юқори даражада сақланиб қолмоқда.
Сўров натижаларига кўра, респондентлар келгуси ойларда нархларнинг кўтарилишини асосан пандемия оқибатлари ҳамда бозорда монопол мавқега эга субъектлар томонидан таклиф эталидиган товар ва хизматлар нархларининг ошиши мумкинлиги билан боғлашмоқда.
Иқтисодиётда инфляция даражасининг янада пасайиши ва карантин чекловларининг юмшатилиши, ўз навбатида, инфляцион кутилмаларнинг пасайишига имкон беради. Бу қуйидаги омиллар билан изоҳланади.
Биринчидан, ички ва ташқи иқтисодий фаолликнинг пасайиши аҳоли даромадларига таъсир кўрсатмоқда. Бу бирламчи эҳтиёж тоифасига кирмайдиган товарлар ва хизматларга бўлган талабнинг сезиларли даражада қисқаришига олиб келди.
Иккинчидан, 2020 йилнинг 31 декабрига қадар бир қатор асосий истеъмол товарлари ва уларнинг хом ашёси импортига божхона божлари ва акциз солиғининг ноль даражали ставкалари белгиланиши карантин даврида ўта талабгир бўлган товарлар нархлари кескин ошишининг олдини олиши керак.
Учинчидан, жорий йилда нархларни либераллаштириш бўйича ислоҳотлар доирасида энергия ташувчилар нархларини оширишнинг навбатдаги босқичи кейинга қолдирилиши натижасида, жаҳон бозорларида энергия ташувчилар нархларининг пасайиши ёки ички нархларнинг оширишсиз либераллаштирилиши сабабли ушбу омиллар инфляцияга оширувчи таъсир кўрсатмайди.
Тўртинчидан, карантин шароитида муайян озиқ-овқат маҳсулотлари ва бирламчи эҳтиёж тоифасига кирадиган истеъмол товарлари нархларининг ошиш динамикаси вақтинча тусга эга, кейинги ойларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг янги ҳосили олиниши ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида бозорларнинг мазкур товарлар билан тўлдирилиши уларнинг нархлари барқарорлашишига хизмат қилади.
Қисқа муддатли истиқболда иқтисодиётда инфляцияни оширувчи омилларнинг вужудга келиши кутилмаяпти. Бу, биринчи навбатда, жорий йил охиригача электр энергияси, коммунал хизматлар, жамоат транспорти тарифлари ва бошқа тартибга солинадиган нархларнинг ўзгаришсиз қолиши билан боғлиқ. Бунда карантин чекловларининг босқичма-босқич бекор қилиниши билан истеъмолчиларда кечиктирилган талабнинг юзага чиқиши, хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари – гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларига талабнинг ортиши, куз-қиш даврида дори-дармонлар, мева-сабзавотлар ва бошқа маҳсулотлар нархларининг мавсумий ошиши каби омиллар қисқа муддатли даврда истеъмол нархларига оширувчи хатарларнинг сақланиб қолишига сабаб бўлади.
Ташқи омилларнинг таъсири
Жорий йилнинг март ойидан бошлаб жаҳонда ва асосий савдо ҳамкорлари бўлган мамлакатларда пандемияга қарши курашиш чораларининг кучайтирилиши, нефть нархининг тушиши ва талабнинг камайиши натижасида иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари пасайиши кузатилмоқда. Бу, ўз навбатида, ички талаб сезиларли даражада камайишига олиб келади.
Пандемия қанча давом этиши ва унинг глобал иқтисодиётга қандай таъсир кўрсатиши мавҳум бўлган шароитда 2020 йилда Ўзбекистон ЯИМнинг реал ўсиши базавий прогнозининг қайта кўриб чиқилиши қўшимча таҳлил ўтказишни талаб этади. Марказий банкнинг ушбу кўрсаткич бўйича хулосалари аналитик ҳисоб-китоблар якунлангач тақдим этилади.
Пул-кредит шароитлари
2020 йил апрель ойида асосий ставканинг пасайтирилишига қарамай, иқтисодиётда нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари сақланиб қолди. Июль–август ойларида мажбурий захира талабларининг юмшатилиши ва МБ томонидан пул-кредит операцияларининг фаол ўтказилиши шароитида банклараро пул бозорида, шу жумладан, узоқроқ муддатли депозитлар бўйича фоиз ставкаларининг сезиларли даражада пасайиши кузатилди.
Бунда сўнгги икки ойда 14 кунгача бўлган депозитлар бўйича фоиз ставкалари МБ фоиз коридори доирасида шаклланди.
Мақбул фоиз ставкаси сиёсатининг жорий йил июль ойидан жорий этилиши натижасида иқтисодиётда депозитлар ва кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг сезиларли даражада пасайиши кузатилди.
Ж. й. июль ойида жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги муддатли депозитлари бўйича фоиз ставкалари 18%гача ва юридик шахсларнинг муддатли депозитлари бўйича эса 15,2%гача пасайди. Номинал фоиз ставкаларининг пасайишига қарамай, депозитлар бўйича ижобий реал фоиз ставкалари сақланиб қолди. Натижада банк тизимидаги жами депозитлар ҳажми январь–август ойларида 13,6%га ўсди.
Миллий валютадаги кредитлар бўйича фоиз ставкалари 20,6%гача пасайди. Бунда хўжалик юритувчи субъектлар кредитлари бўйича фоиз ставкалари йил бошидаги 24,3%дан 19,5%гача, аҳоли кредитлари бўйича эса 28,1%дан 22,3%гача пасайди.
Иқтисодиётда кредитлаш фаоллиги пасайди. Январь–апрель ойларида тижорат банклари томонидан берилган иқтисодиётга кредитлар қолдиғининг ўсиш суръатлари ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 3,5%га секинлашиб, 7%ни ташкил этди. Банклар жисмоний ва юридик шахсларнинг 16,4 трлн сўмдан бўлган кредитлари бўйича тўловлар муддатларини узайтирдилар. Бу, ўз навбатида, банкларга пул маблағлари оқими қисқариши натижасида банк кредитини бериш имкониятларининг муайян даражада пасайишига олиб келади.
Валюталарнинг алмашув курси
Сўмнинг алмашув курси динамикаси жаҳон иқтисодиётидаги умумий иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви, валюта тушумларининг камайиши ва асосий савдо ҳамкорлари валюталарининг қадрсизланиши фонида шаклланди. Натижада валюта курси апрель ойида 5,8%га кескин қадрсизланишдан кейин май–август ойларида нисбатан барқарор бўлиб, январь–август ойларида умумий девальвация даражаси 8% атрофида бўлди.
Шу билан бирга, келгусида миллий валюта курсининг ўзининг фундаментал трендига яқин даражада шакллашини ва реал эффектив алмашув курсида жиддий тебранишлар рўй бермаслиги кутилмоқда.
Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги мажлиси 2020 йилнинг 22 октябрь кунига режалаштирилган.