Вазирлар Маҳкамаси 30.09.2020 йилдаги “Опера санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этиш тўғрисида” 595-сон қарорни қабул қилди.
Опера санъатининг кўп асрлик ижро йўлларини пухта ўзлаштириш ва опера санъати бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги 24-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби негизида опера санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этилади.
Мактаб-интернат учун қўшимча бино ва иншоотлар, шу жумладан, 100 ўринли ётоқхона ва ошхона, 120 ўринли қўшимча ўқув биноси қурилади.
Мактаб-интернат Маданият вазирлиги тизимидаги давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаси ҳисобланади.
Ҳар йили 25 нафардан ўқувчилар танлов асосида қабул қилинади:
- 2021/2022 ўқув йилида 5, 6 ва 7-синфларга;
- 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб — 5-синфга.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.09.2020 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.