Давлатимиз раҳбарининг 21 октябрдаги тегишли Фармони ЎзАда жойлаштирилган.
Экспорт қилувчилар, шу жумладан, асосий фаолият тури савдо-воситачилик бўлган экспорт қилувчилар экспортолди молиялаштириш, шу жумладан, айланма маблағлар учун ажратиладиган кредитлар бўйича кредит фоиз ставкаси ва миқдоридан қатъи назар:
- миллий валютадаги кредитлар бўйича фоиз харажатларининг 50%игача, бироқ 10 фоиз банддан кўп бўлмаган миқдорда ва чет эл валютасидаги кредитлар бўйича 5 фоиз банддан кўп бўлмаган миқдорда компенсациялар олишлари мумкин;
- кредит суммасининг 50%игача, бироқ 8 млрд сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик олишлари мумкин. Кафилликлар бўйича комиссия тўловлари 2 бараварга камайтирилади;
- ижобий кредит тарихига эга бўлса, аввал олган кредитлари бўйича қарздорлиги бўлишидан қатъи назар, қўшимча олинадиган кредитлари бўйича юқорида баён этилган шартларда компенсация ва (ёки) кафилликлар олишлари мумкин.
Бу – муҳим! Юқорида баён этилган тартиб рўйхатдаги хом ашё товарларига нисбатан татбиқ этилмайди, шунингдек фақат 2021 йил якунига қадар амал қилади. 2022 йил 1 январдан бошлаб – илгариги тартиб тикланади.
Молиялаштириш Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси (Жамғарма) ҳисобидан амалга оширилади. Унга Экспортни рағбатлантириш агентлиги (Агентлик) ҳам қўшилади, унинг ҳузурида Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади. Қуйидагилар унинг манбалари ҳисобланади:
- Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайтармаслик шарти билан $100 млн;
- халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, хорижий банклар ва хусусий молия компанияларининг қарзлари;
- маблағларни тижорат банклари депозитларига белгиланган тартибда жойлаштиришдан тушадиган даромадлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Агентлик томонидан экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун бир марталик молиявий ресурслар $1 млн эквивалентидан ошмаган миқдорда ҳамда 1 йилгача муддатга тақдим этилади.
Агентлик томонидан ажратиладиган молиявий ресурслар ҳисобидан берилган кредитни тўлиқ сўндирмаган экспорт қилувчи учун бундай молиявий ресурслар ажратишга йўл қўйилмайди. Банк экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитларини Агентлик ресурслари ҳисобидан берган тақдирда Жамғарма томонидан компенсациялар тақдим этилмайди.
Агентлик ҳамда Жамғарма томонидан экспортни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумотлар Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиб борилади.
Олег Заманов.