Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак перейти с уплаты НДС и налога на прибыль на налог с оборота в 2025 году Можно ли, не растаможивая импортируемый материал, сшить из него продукцию Как писать объяснительную при выездной проверке

ДСҚ ҳузурида Фискал институт ташкил этилади

05.11.2020

Читать на русском языке

 

Бу Президентнинг 2020 йил 4 ноябрдаги қарорида назарда тутилган.

 

Фискал институт ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази негизида ташкил этилади ва унинг биноларида жойлаштирилади (Тошкент шаҳар, Учтепа тумани Кичик ҳалқа йўли, 3-уй). Фискал институт – бу:

  • солиқлар ва солиққа тортиш соҳаси учун олий маълумотли мутахассислар ва илмий кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича;
  • молиявий назорат ва аудит ҳамда солиқ, молия ва тижорат ҳуқуқи, шунингдек, иқтисодиётда ахборот технологиялари соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва юқори даражада фундаментал ҳамда илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилишини таъминлайдиган олий таълим муассасаси ҳисобланади.

 

Бошқалар қаторида, бу ерда бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботнинг замонавий усуллари, халқаро солиққа тортиш, трансферт нархларни белгилаш, таваккалчиликларни таҳлил қилиш, бизнес-таҳлил технологиялари (Business Intellegence) ва солиқ маъмуриятчилигида илғор ахборот технологияларини (Big Data) қўллашга ўқитилади.

 

Фискал институтда ўқув жараёни 2021/2022 ўқув йилидан кредит-модуль тизими асосида бошланади. Битирувчи босқич бакалаврлари бевосита солиқ органлари маъмурий биноларида ўқишади. Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг (иш берувчилар) эҳтиёжларидан келиб чиқиб, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида - сиртқи таълим шаклида ўқитиш ҳам назарда тутилган. Сиртқи ва кундузги таълим шаклида таълим йўналишлари бир хил. Талабаларнинг сиртқи таълим шаклида ўқиши учун тўлов уларнинг иш берувчилари томонидан амалга оширилади.

 

Фискал институтда кадрларни тайёрлаш учун буюртмаларни шакллантириш тартиби бундай.  Давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари ҳар йили иш берувчиларнинг институт томонидан тайёрланадиган кадрларга бўлган эҳтиёжлари ҳақидаги маълумотларни ДСҚга тақдим қилади. ДСҚ институтга қабул параметрларини бакалавр ва магистрларга бўлган эҳтиёжни ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари кесимида таҳлил қилиш асосида мустақил белгилайди.  Ташкилотлар, шу жумладан, бизнес жараёнда иштирок этишга, шу жумладан - кадрларни мақсадли тайёрлаш учун тўловни, биритувчилар ўқишни тугатганидан сўнг муайян муддат давомида узлуксиз ишлаш мажбуриятини қабул қилган ҳолда, амалга оширишга ҳақли.

 

Ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган олий таълим муассасалари эга бўлган ҳуқуқлар билан бир қаторда, Фискал институт қуйидагиларга ҳақли:

  • таълим йўналишларига ўзгартириш киритиш, ўқув режалари ва дастурларини ҳамда битирувчиларга қўйиладиган малака талабларини мустақил ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш (ОЎМТВ ҳамда ДСҚ билан келишилган ҳолда);
  • етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлашни ташкил этиш;
  • кредит-модуль тизимини ўқув жараёнига жорий этиш борасида профессор-ўқитувчилар ўқув юкламасини мустақил меъёрлаштириш, шунингдек, педагог ходимлар томонидан ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ишлари, “устоз-шогирд” тизими бўйича ишларнинг бажарилишини рағбатлантириб бориш;
  • халқаро эътироф этилган ташкилотлар – Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ва Academic Ranking of World Universities рейтингларининг барчасида бир вақтда биринчи 1000 та ўринни эгаллаган олий таълим ташкилотларининг таълим дастурларидан фойдаланган ҳолда ўқитишни ташкил этиш (2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Фарғона ва Тошкент солиқ коллежлари ҳам техникумга айланади, таҳр.);
  • солиқ техникумлари педагог ходимлари меҳнатини меъёрлаштириш;
  • ДСҚ билан келишилган ҳолда тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш;
  • ўқиш учун тўлов миқдорини ўрнатган ҳолда бакалавриат ва магистратурасига табақалаштирилган тўлов-контракт асосида қўшимча қабул параметрларини белгилаш;
  • илмий фаолиятга ва ўқув жараёнига ўқитувчилар ва мутахассисларни, шу жумладан, чет эллик олимларни шартнома асосида жалб қилиш;
  • институт ва унинг ҳузуридаги солиқ техникумларида номутахассислик фанларини ўқитиш ва факультатив машғулотлар ўтказишни аутсорсинг шартларида ташкил этиш;
  • давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги барча турдаги, шу жумладан, институт ва солиқ техникумларининг бино ва иншоотларини қуриш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича келишувларни тузиш ва амалга ошириш;
  • молия йили учун институт ва солиқ техникумларининг даромадлар ва харажатлар сметасини, штат жадвалини, бизнес-режасини тасдиқлаш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, бино ва иншоотларни капитал таъмирлаш, реконструкция қилиш, ходимларига иш ҳақини тўлаш тизими ва тартибини белгилаш (ДСҚ билан келишилган ҳолда).

 

Фискал институтда меҳнатга ҳақ тўлашга келсак:

а) қуйидаги ходимларнинг лавозим маошлари белгиланди:

  • ректор, проректорлар, факультет деканлари, декан ўринбосарлари ва профессор-ўқитувчилари – олий таълим муассасаларининг тегишли ходимлари базавий лавозим маошлари миқдорида;
  • илмий ходимлар – ИТМнинг тегишли ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий лавозим маошлари миқдорида;

б) раҳбар, бошқарув ходимлари ва профессор-ўқитувчилари таркибига ДСҚ марказий аппарати ходимларининг тегишли тоифалари учун хизматни ўташ ва мукофотларни тўлаш тартиблари татбиқ этилади.

в) ректор ходимларга уларнинг иш ҳажми ва самарадорлигини ҳисобга олган ҳолда -  лавозим маошининг 100%игача бўлган миқдорда қўшимча ойлик устама белгилашга ҳақли (бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан).

 

Фискал институт тузилмасида РФ Ҳукумати ҳузуридаги Молия университетининг бўлинмаси (факультети) ҳам очилади.  Унинг моддий-техник таъминотини молиялаштириш жорий йилда ДСҚнинг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси ҳисобидан, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб - тўлов-контракт асосида тушган маблағлар ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

 

Олег Заманов.