Вазирлар Маҳкамасининг 30.10.2020 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги 681-сон қарори қабул қилинди.
Президентнинг 30.07.2020 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4794-сон қарори ижросини таъминлаш юзасидан ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланади:
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низом;
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси кенгашининг таркиби.
Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди, унинг маблағлари Фанлар Академияси М.Т.Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институтининг шахсий ғазна ҳисобварақларида йиғилади.
Жамғарма қуйидаги маблағлар ҳисобига шакллантирилади:
- республика бюджетидан амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларни илмий-техника дастурлари учун ажратилган грант маблағлари;
- Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоб-китобларига асосан республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
- хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг техник кўмак маблағлари ва грантлари;
- Жамғарманинг бўш маблағларини тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
- қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
Қуйидагилар Жамғарма маблағлари сарфланадиган асосий йўналишлар ҳисобланади:
- илмий тадқиқотларга кўмаклашиш, тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш учун грантлар ажратиш;
- кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини амалга ошириш, шунингдек конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирларни, шу жумладан хорижий мамлакатларда ташкил қилиш ва уларда иштирок этиш;
- илмий лабораторияларни зарур асбоб-ускуналар, ҳисоблаш техника воситалари ҳамда бутловчи материаллар билан таъминлаш ва уларни ўрнатиш;
- республика аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш соҳасига рақамлаштирилган технологияларни жорий этиш, сейсмик чидамли қурилиш бўйича миллий дастурларни ишлаб чиқиш;
- сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш учун масъул давлат органлари ва ташкилотларининг соҳага оид фаолият йўналиши бўйича моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
- республиканинг сейсмик фаол ҳудудида жойлашган мавжуд бино ва иншоотларнинг электрон техник паспортларини шакллантириш;
- юксак илмий натижаларга эришган ва фан ривожига муносиб ҳисса қўшган олимларни, шу жумладан ёш илмий ходимларни қўллаб-қувватлаш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 31.10.2020 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.