Президентнинг 25 ноябрдаги қарорида маҳаллий биотехнологияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва давлат томонидан молиялаштириш механизмлари назарда тутилган.
Биринчидан, Инновацион ривожланиш вазирлиги 2021-2022 йилларда Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига қуйидагиларни молиялаштириш учун 20 млрд сўмгача маблағ ажратади:
- биотехнологиялар соҳасида стартап-лойиҳаларни амалга ошириш;
- 50%гача биргаликда молиялаштириш шарти билан тажриба-саноат биотехнологик ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ва ривожлантириш;
- биотехнологияларни ривожлантириш учун илмий ва лаборатория ускуналарини харид қилиш;
- соҳага замонавий технология, инновацион ғоя ва ишланмаларни жорий қилиш;
- ёш мутахассисларни хорижда илмий стажировкадан ўтказиш, хорижий мутахассис ва маслаҳатчиларни жалб қилиш.
Иккинчидан, 2020 йил 1 декабрдан бошлаб:
а) Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидагилар тақдим этилади:
- биотехнологиялар соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун жалб қилинадиган кредитлар бўйича кредит суммасининг 50%игача (50%и ҳам ҳисобга олинади) миқдорда, бироқ 8 млрд сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда кафиллик;
- кредит суммаси 10 млрд сўмдан ортиқ бўлмаган биотехнологиялар соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун жалб қилинадиган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация. Ушбу компенсация қуйидаги миқдорларда берилади:
миллий валютадаги кредитлар бўйича – МБ асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ортиқ, бироқ 5 фоизлик пунктдан ошмаган миқдорда;
хорижий валютадаги кредитлар бўйича – тижорат банклари томонидан белгиланган ставканинг 30%и, бироқ 4 фоизлик пунктдан ошмаган миқдорда;
б) биотехнологиялар соҳасида илмий тадқиқотлар ва инновацион фаолиятни амалга ошириш мақсадида 3 млн АҚШ долларидан кам бўлмаган тўғридан-тўғри инвестиция киритган хорижий илмий ташкилотларга илмий тадқиқотларни амалга ошириш учун 10 млрд сўмгача мақсадли грантлар тақдим этилади. Бунда:
- мақсадли грантлар киритилган инвестиция маблағлари тўлиқ ўзлаштирилганидан сўнг тақдим этилади;
- Давлат бюджети маблағлари ҳисобига илмий фаолият субъектлари томонидан олинган интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқ давлатнинг илмий ва олий таълим ҳамда бошқа давлат муассасалари номидан давлатга тегишли бўлади. Объектлар муаллифлари билан тузилган шартномаларда бошқача қоидалар назарда тутилиши мумкин.
Учинчидан, Илғор технологиялар маркази ҳар йили (1 декабрга қадар) Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгашига биотехнологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун хўжалик юритувчи субъектлар томонидан олиб кириладиган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё, реактивлар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминотлар учун ундириладиган божхона божларини камайтириш бўйича асосланган таклифлар киритиб боради. Кенгаш тақдим этилган таклифларга асосан божхона божларини камайтириш масалаларини кўриб чиқиб, тегишли қарор қабул қилади.
Олег Заманов.