Ипотека кредити механизмлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан қонун ҳужжатларига тузатишлар киритилганлиги хабар қилинган эди (7.12.2020 йилдаги ПФ-6126-сон Фармонга қаранг).
Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (25.03.2020 йилдаги 182-сон ВМҚ билан тасдиқланган) 31-банд билан тўлдирилади:
2020 йилдаги субсидиялар тўлашнинг мақсадли мўлжаллари доирасида, истисно тариқасида, қуйидагилар белгиланади:
-
- субсидия олиш учун ариза топшириш муддати 2020 йил 31 декабрга қадар ва субсидияларни тўлаш муддати 2021 йил 1 июлга қадар узайтирилади;
- субсидия олиш учун мурожаат қилган ариза берувчининг даромадларига унинг хотини (эри), улар билан бир уйда биргаликда яшовчи ота-онаси ҳамда фарзандларининг (шу жумладан, асраб олинган фарзандлари) даромадлари қўшилгандан сўнг ўртача ойлик даромадлари миқдори Низомнинг 2-бандида кўрсатилган меъёрлардан кам бўлса, бошқа жисмоний шахслар даромадлари ҳам киритилиши мумкин;
- талабгор томонидан танланган уй-жойнинг қиймати хабарномада кўрсатилган сотиб олиниши мумкин бўлган уй-жойнинг юқори қийматидан ошган тақдирда, ушбу уй-жойни сотиб олишга ажратиладиган ипотека кредитининг энг кўп миқдори Президентнинг 1.05.2020 йилдаги ПҚ-4701-сон қарорига мувофиқ белгиланади. Бунда ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан ошган қисми қарз олувчининг ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар, шу жумладан Тошкент шаҳри ва шаҳарларда бошланғич бадалнинг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган субсидия маблағлари ҳисобидан тўланади.
Қўшимчаларга мувофиқ энди субсидиялар фуқароларга рўйхатга олинган доимий яшаш жойи бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар доирасида ажратилади. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида яшайдиган фуқаролар ушбу шаҳарларга белгиланган доирасида субсидиялар олишлари мумкин бўлади.
Шунингдек энди ариза берувчининг аризаси у рўйхатга олинган доимий яшаш жойидаги туман ёки шаҳар комиссияси томонидан кўриб чиқилади (илгари мурожаат комиссия томонидан у вақтинча яшайдиган ҳудуд бўйича ҳам кўриб чиқилар эди).
Қўшимчаларга мувофиқ масъул ташкилотлар ариза берувчининг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини, тақдим этилган ҳужжатлар асосида, ташкилотларда мавжуд маълумотлар базаси билан солиштирган ҳолда ўрганиб чиқади ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталига онлайн электрон шаклда тегишли маълумотларни тасдиқлайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 7.12.2020 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.