Президентнинг 11.12.2020 йилдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4919-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга асосан, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимларини ҳамда ерни лазерли ускуна ёрдамида текислаган ҳолда дискретли суғориш усулини жорий қилиш суръати 5 бараварга оширилади. 2021 йилда республиканинг 230 минг гектар майдонида сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинади ҳамда суғориладиган 200 минг гектар майдонлар лазерли ускуна ёрдамида текисланади.
2021 йилдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги янги тартиби белгиланади:
- қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар тақдим этилади;
- сувни тежайдиган технологияларни харид қилиш ва қуришга ажратиладиган банк кредитлари бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар тақдим этилади;
- маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган лазерли қурилмага эга автоматлаштирилган ер текислагич агрегатларини сотиб олган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига сотиб олинган ер текислагич агрегатлари қийматининг 30%и Давлат бюджетидан қоплаб берилади.
Субсидия маблағлари жорий қилинган сувни тежайдиган технологиялар камида 5 йил ишлатилиши шарти билан ажратилади, сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган ер майдонлари камида 5 йил мобайнида мақбуллаштирилмайди. Ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига ердан фойдаланувчи розилиги асосида сарф этилган маблағларнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан сўнггина рухсат этилади.
Қуйидагилар:
- 2021 йилда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш бўйича прогноз кўрсаткичлар;
- 2020-2021 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда сувни тежайдиган технологиялар қамровини кенгайтириш бўйича йўл хариталари тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.12.2020 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.