Вазирлар Маҳкамасининг 30.12.2020 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси ҳузуридаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 818-сон қарори қабул қилинди.
Қабул қилинган низомда Жамғарма юридик шахс ҳисобланмаслиги ва унинг маблағлари «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасининг (кейинги ўринларда – Мажмуа) бюджетдан ташқари маблағларини сақлаш учун депозит ҳисобварағида жамланиши белгиланган.
Жамғарма маблағлари қуйидагилар ҳисобига шакллантирилади:
- Мажмуага ва унинг объектларига кириш учун чипталар сотишдан тушган маблағлар:
- Мажмуа мулкини ижарага беришдан тушган маблағлар;
- тижорат банкларининг депозит ҳисобварақларига жойлаштирилган вақтинчалик бўш турган маблағларга ҳисобланган фоизлардан тушган даромадлар;
- кўргазмалар ташкил этишдан ва бошқа хизматлар кўрсатишдан тушган маблағлар;
- ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларга сарфланади:
- Мажмуанинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш тадбирлари учун – 75%дан кам бўлмаган миқдорда;
- ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар ишчи ва хизматчиларини моддий рағбатлантириш бўйича тадбирларни молиялаштириш учун – 25%дан кўп бўлмаган миқдорда.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган музейлар, уларнинг филиал ва бўлимлари рўйхатига (11.12.2017 йилдаги 975-сон ВМҚ билан тасдиқланган) қуйидагилар киритилди:
- Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси;
- Ғалаба боғи ёдгорлик мажмуаси таркибидаги «Шон-шараф» давлат музейи.
Қарор Президентнинг 9.09.2020 йилдаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4820-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 31.12.2020 йилдан кучга кирди.
Мирёқуб Ҳайдаров.