6 январь куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.
Мамлакатда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга қаратилган ҳуқуқий-ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилди. Фармон ва қарорлар ҳамда парламент томонидан одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган учта кодекс янгидан қабул қилиниб, қатор қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Мазкур Қонун мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мантиқий давомидир. Қонун Президентнинг 24.07.2020 йилдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6034-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Фармон билан 2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидагиларни амалга ошириш назарда тутилган:
- вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш;
- маъмурий тартиб-таомиллар ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш.
Суд тизимида ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилаётганлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Конституциясининг 107-моддасига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Парламент юқори палатасининг ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш ҳақида»ги Қонун муҳокама марказида бўлди.
Шаҳарсозлик кодексида «аҳоли пункти», «шаҳар», «шаҳарча» ва «қишлоқ (овул)» объектлар турлари, «ўзбошимчалик билан қурилиш қилиш», «урбанизация», «шаҳарсозлик фаолиятида фуқаролар муҳокамаси иштироки» тушунчалари берилмоқда.
Кодексда норматив-техник ҳужжатларни жорий этиш ва уларнинг ҳисобини юритиш бўйича янги нормалар мустаҳкамланмоқда. Яъни:
- шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги қарорларнинг муҳокамасида жамоатчилик назоратининг иштирокини таъминлаш;
- юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарнинг ўрни қопланишининг асосий йўналишларини белгилаб берадиган янги норма;
- пудрат учун давлат шартномасини ишлаб чиқиш ва тузиш тартиби ва пудрат ишлари қатъий шартнома асосида амалга оширилиши;
- шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказишда экспертларнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги кўрсатилган.
Кодексда қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларига қўйиладиган талаблар акс эттирилган. Шаҳарсозлик фаолиятининг молиявий таъминоти, суғурталаш ва шаффофликни таъминлаш, шу жумладан қурилишда суғурталаш, шунингдек шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди. Сенат аъзолари ушбу Қонунни маъқулладилар.
«Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.
Бугунга қадар маданият соҳасидаги ҳуқуқий муносабатлар «Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида»ги, «Музейлар тўғрисида»ги, «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунлар ҳамда Президентнинг қатор фармон ва қарорлари, шунингдек бошқа кўплаб қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келинаётган эди.
Маданият соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, маданият ва санъат муассасалари, ижодий уюшма ва бирлашмаларнинг ҳуқуқий мақоми, ижодкорларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган ягона ҳуқуқий база яратилмагани турли эътирозларга сабаб бўлаётганди. «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги Қонун соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдиришга хизмат қилади.
Қонунда бир қатор муҳим масалалар қамраб олинган:
- маданият соҳасида давлат сиёсатининг мақсади ва асосий устувор йўналишларини белгилаш;
- мазкур йўналишдаги ҳуқуқий муносабат иштирокчиларини аниқлаш ва уларнинг ваколатларини белгилаш;
- истеъдод эгалари ва маданият муассасаларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш;
- маданият ташкилотларини давлат ҳокимияти органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро алоқа ва ҳамкорлигини такомиллаштириш;
- маданият тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш ва бошқалар.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.