Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКакие налоговые последствия влекут закуп и перевозка товара за пределами Узбекистана Как оформить закуп сельхозпродукции общепиту, если в общем объеме реализации – менее 90% собственной продукции Когда можно применить нулевую ставку НДС

МБ қайта молиялаштириш ставкаси ўзгартирилмади

23.01.2021

Читать на русском языке

Марказий банк Бошқаруви 2021 йил 21 январда асосий ставкани йиллик 14% даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

 

Қарор инфляция динамикасини янада пасайтириш, иқтисодиётда реал фоиз ставкаларини ижобий даражада сақлаб қолиш, шунингдек иқтисодий фаолликнинг тикланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиб бориш мақсадида қабул қилинди.

 

2021 йилда Марказий банк Ҳукумат билан биргаликда инфляциянинг йил охирига 10%дан паст бўлган оралиқ мақсадли кўрсаткичига эришиш учун барча зарурий чораларни кўриб боради.

 

2020 йил якунлари

 

2020 йил якунлари бўйича инфляция даражаси 2019 йилдаги 15,2%га нисбатан секинлашиб, 11,1%ни ташкил этди. Инфляцияга озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўзгариши нисбатан юқори – 6,5 фоиз банд ҳисса қўшди. Мазкур товарлар гуруҳи бўйича инфляция умумий инфляция даражасидан анча юқори бўлди ва йил якуни бўйича 15,3%ни ташкил қилди.

 

2020 йилда ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар нархларининг ўсиш суръатлари умумий инфляциядан сезиларли даражада паст бўлиб, мос равишда 8,8% ва 7,1%ни ташкил этди.

 

Декабрь ойида йиллик базавий инфляция даражаси нархларнинг умумий ўсишига нисбатан юқорироқ шаклланди ва 11,7%ни ташкил қилди, бу озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиш тенденцияси ва тартибга солинадиган нархларнинг нисбатан барқарор бўлганлиги билан изоҳланади.

 

2020 йилда ноаниқликларнинг кучайиши таъсирида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари инфляцион кутилмаларининг нисбатан юқори ўсиши кузатилди.

 

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йил якунлари бўйича ЯИМ ўсиши Марказий банк базавий прогноз кўрсаткичларидан (1-1,5%) юқори бўлиши кутилмоқда. Бу биринчи навбатда, 2020 йил январь-ноябрь ойларида саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг 0,7%га (январь-сентябрь ойларида 2,7%лик пасайиш бўлган), чакана савдо айланмасининг 2,4%га, хизматлар ва қурилиш ҳажмининг мос равишда 2,2%га ва 8,7%га ўсиши билан изоҳланади.

 

Бундан ташқари, иқтисодий фаолликнинг муқобил кўрсаткичлари ҳам макроиқтисодий кўрсаткичларнинг дастлабки прогнозлардан юқори бўлишини кўрсатмоқда. Хусусан, Республика товар-хом ашё биржасидаги битимлар ҳажми барқарор ўсиш динамикасига эга бўлди, шунингдек банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган битимлар сони ошди.

 

Марказий банк томонидан иқтисодий фаоллик ва ишбилармонлик кайфиятини ўрганиш бўйича ўтказилган сўровлар натижалари улар бўйича индексларнинг 2020 йил июль ойидаги пасайишидан сўнг III-IV чоракда яхшиланганлигини кўрсатмоқда.  

 

2020 йилда иқтисодиётда ижобий реал фоиз ставкалари сақланиб қолди. Банклараро пул бозорининг ўртача тортилган фоиз ставкаси декабрь ойида 14,4%ни ташкил қилди ва фоиз коридори доирасида асосий ставкага нисбатан ижобий тафовут билан шаклланди.

 

Йил якуни бўйича жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги депозитлари бўйича фоиз ставкаси 17%ни, юридик шахсларнинг депозитлари бўйича 14,4%ни ташкил қилди. Инфляция суръатининг пасайишини ҳисобга олганда, депозитлар бўйича реал фоиз ставкаси йил давомида жисмоний шахслар учун 5% ва юридик шахслар учун 3% атрофида шаклланди.

 

Миллий валютадаги кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси декабрь ойида 18,8%ни ташкил қилди. Бунда йил давомида қисқа муддатли кредитлар бўйича фоиз ставкаси 18,4%гача (7,3 фоиз бандга), узоқ муддатли кредитлар бўйича эса 19,1%гача (6,6 фоиз бандга) пасайди.

 

2021 йил учун прогнозлар

 

2021 ва ундан кейинги йилларда иқтисодиётнинг реал секторида рақобатни ривожлантиришга, инвестицион муҳит ва инфратузилмани яхшилашга йўналтирилган таркибий ўзгаришлар ва иқтисодий ислоҳотлар иқтисодиётнинг асосий драйверларидан бўлади.

 

Ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йилда иқтисодиётга кредит қўйилмалари ҳажми номинал ЯИМ ўсишига мутаносиб бўлади ва 16-20% атрофида бўлиши кутилмоқда.

 

Тартибга солинадиган нархларнинг ўзгаришсиз қолиши ва инфляция омилларининг мувозанатлашиши ҳисобига 2021 йил якуни бўйича инфляция даражасининг 9,0-10,0%га қадар янада пасайиши кутилмоқда.

 

Бироқ асосий ставкани пасайтириш бўйича илгари қабул қилинган қарорларнинг тўлиқ трансмиссияси, шунингдек пул-кредит шароитларининг нисбатан юмшатилишига иқтисодиётнинг мослашуви маълум вақтни талаб қилади.

 

Марказий банк баҳолашларига кўра, пул-кредит сиёсатининг жорий «нисбатан қатъий» шароитлари 2021 йилнинг биринчи ярмида иқтисодий ўсишнинг базавий прогнозларини қўллаб-қувватлаш ва пул бозорида ижобий реал фоиз ставкаларни (3-4% даражасида) таъминлаш учун етарли ҳисобланади.

 

Эҳтимолий хатарлар

 

Яқин ойларда иқтисодиётда инфляцияни оширувчи хатарларнинг кучайиш эҳтимоли пастлигича қолмоқда. Шу билан бирга, инфляциянинг бир марталик омилларининг вужудга келиш эҳтимоли ва инфляцион кутилмаларнинг юқори даражада сақланиб қолиши билан боғлиқ хатарлар мавжуд.

 

Яқин истиқболда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши хатарлардан бири сифатида қолмоқда. Протекционистик сиёсат, экспортёрлар томонидан асосий озиқ-овқат товарлари экспорти бўйича чеклов чораларининг (квота ва тарифлар) киритилиши асосий озиқ-овқат товарлари импортининг қимматлашишига олиб келиши мумкин.

 

Озиқ-овқат бозорлари барқарорлигини ошириш кўп жиҳатдан республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш комплекс стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга боғлиқ бўлади.

 

Ички бозорни зарурий товарлар ҳажми билан таъминлаш бўйича таъсирчан чораларни кўриш, шу жумладан базавий озиқ-овқат товарлари импорти географиясини диверсификация қилиш ва концентрациялашувини қисқартириш муҳим аҳамиятга эга.

 

Бунда Марказий банк ташқи ва ички шароитларни ҳисобга олган ҳолда, инфляция хатарлари ва омиллари характерини чуқур ўрганишда давом этади ҳамда инфляциянинг прогноз динамикасидан келиб чиққан ҳолда асосий ставка бўйича тегишли қарорларни қабул қилади.