Вазирлар Маҳкамасининг 8.02.2021 йилдаги «Қорақалпоғистон Республикасида «Судоче-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонасини ташкил қилиш тўғрисида»ги 58-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат Президентнинг 20.03.2019 йилдаги ПҚ-4247-сон қарорига мувофиқ, алоҳида экологик қимматга эга бўлган табиий объектлар ва мажмуаларни, ҳайвонларнинг ноёб турларини сақлаб қолиш ҳамда уларни қайта тиклаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида юридик шахс ташкил қилган ҳолда, умумий майдони 280 507 гектар бўлган давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклидаги «Судочье-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилади. Буюртма қўриқхона Давлат экология қўмитасининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади.
Буюртма қўриқхонанинг асосий мақсади қирғоқ ландшафтлари, каналлар, коллекторлар ва улардаги сув оқимини, сув атрофида яшовчи қушлар, ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган балиқлар, йиртқич қушлар ва сут эмизувчи ҳайвонларни сақлаб қолиш ҳамда уларни қайта тиклашдан иборат.
Буюртма қўриқхонаси участкаларидаги қўриқланма зоналаридаги ерлар ушбу ҳудудларда жойлашган ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар ихтиёрида қолади.
Давлат экология қўмитасига қуйидагиларни амалга ошириш топширилди:
- буюртма қўриқхонаси тўғрисидаги низом, унинг штатлар жадвали тасдиқланишини ва малакали мутахассислар билан тўлдирилишини таъминлаш;
- 2021 йил якунига қадар Судочье кўлини халқаро аҳамиятга (Рамсар конвенцияси) эга бўлган сувли-ботқоқ жойлар рўйхатига киритиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш.
Давлат экология қўмитасининг маълумотларига кўра ҳозирги кунда 6 та давлат буюртма қўриқхонаси ва 1 та мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси, 6 та табиат боғи ва 1 та миллий боғ, 11 та табиатга бағишланган ҳайкаллар, 2 та биосфера резервати, 12 та буюртма қўриқхона, 1 та ихтисослаштирилган «Жайрон» питомниги мавжуд.
«Судочье-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилиши натижасида уларнинг умумий майдони 3,521 млн гектардан 3,801 млн гектаргача, ёки мамлакат ҳудудининг 7,84%идан 8,46%игача ошди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 9.02.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.