Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак провести тренинг по продвижению товаров поставщика Как отразить поступление активов при присоединении предприятия или безвозмездной передаче имущества За что штрафует Узэнергоинспекция Как рассчитать НДФЛ с учетом льгот

Чорвачилик тармоқларига қўшимча имтиёзлар берилади

07.03.2021

Читать на русском языке

Президент томонидан 3 март куни «Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор имзоланди.

 

2021 йил 1 мартдан бошлаб Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг компенсация ва кафиллигидан фойдаланган чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қуёнчилик йўналишидаги кредити бўйича тўловларни ўз вақтида қайтараётган тадбиркорлик субъектларига, уларнинг кредит бўйича қарздорлиги тўлиқ қопланмагунча, янги кредитлар бўйича жамғарманинг кафиллигидан яна фойдаланишга рухсат берилади.

 

Президентнинг 18.03.2019 йилдаги «Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4243-сон қарори 2-бандига мувофиқ берилган имтиёзлар чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи барча хўжалик субъектларига ва омухта ем ишлаб чиқарувчи корхоналарга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

 

2021 йил 1 январдан бошлаб 2024 йил 1 январга қадар наслчилик субъектлари учун уларнинг асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50% миқдорида қўлланилади. 

 

Тадбиркорлик субъектлари томонидан товарлар республика ҳудудига олиб кирилганда уларни олиб киришда ҳисобланган қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддати 180 кунга узайтирилади, тўланган ҚҚСнинг ҳисобот даври якунидаги салбий фарқ суммаси солиқ тўловчининг аризасига асосан тезлаштирилган тартибда 20 кундан кечиктирмасдан қоплаб берилади. Солиқ суммаси қоплаб берилгандан сўнг камерал солиқ текшируви умумий тартибда амалга оширилади.

 

2021 йил 1 июлдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган хўжаликларга қуйидаги миқдорларда республика бюджетидан субсидиялар ажратилади:

  • чорвачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида етиштирилиб, гўшт учун реализация қилинган йирик ва майда шоҳли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун 2 000 сўм ҳамда сутининг ҳар бир литри учун 200 сўм;
  • паррандачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида етиштирилиб, реализация қилинган тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм ҳамда парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 800 сўм;
  • балиқчилик хўжаликларига – интенсив усулда етиштирилган совуқ сув балиқлари (лосос, форель ва осётр)нинг ҳар бир килограмми учун 3 000 сўм, қолган турдаги балиқлар учун 1 000 сўм.

 

Субсидиялар ҚҚСдан қарздорлиги мавжуд бўлмаган, шунингдек контрагентларни танлашда лозим даражада эҳтиёткор бўлган корхоналарга уларнинг субсидиялар олиш тўғрисидаги аризаларига асосан кейинги ойнинг 25-санасигача ажратилади.

 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига қуйидагилар учун жой ажратилишини таъминлаш топширилди:

  • паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига ўзи ишлаб чиқарган тухум, парранда гўшти ва балиқ маҳсулотларини сотиш учун деҳқон бозорлари ва аҳоли гавжум ҳудудлардан (арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ўтказилиши белгиланган жойлар негизида) ўрнатилган тартибда доимий савдо жойлари (нуқталари) қуриш учун;
  • ҳар бир деҳқон бозорида ҳамда шаҳар (туман)даги аҳоли гавжум жойларда камида 2 тадан енгил конструкция асосида парранда ва балиқ маҳсулотлари сотишга мўлжалланган савдо дўконларини қуриш учун.

 

Қашқадарё вилоятининг Касби, Нишон, Миришкор ва Косон туманларини чорвачиликка ихтисослаштириш, ушбу туманларда замонавий чорвачилик комплексларини ташкил этиш мақсадида қуйидагилар тасдиқланди:

  • Қашқадарё вилоятида чорвачиликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар дастури;
  • Қашқадарё вилоятида 2021-2022 йилларда Дастур доирасида ерларни мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича прогноз кўрсаткичлари;
  • Қашқадарё вилоятида 2021-2022 йилларда суғориш каналларини тозалаш ҳисобига қўшимча ер майдонларини ўзлаштириш параметрлари;
  • Қашқадарё вилоятида 2021-2022 йилларда пичанзор ва яйлов ерларида янгидан қазиладиган қудуқлар дислокацияси.

 

Қашқадарё вилоятининг барча туманларида чорвачиликни ривожлантиришга оид лойиҳаларни амалга оширишга АТ «Халқ банки» ва бошқа тижорат банклари томонидан 2021-2022 йилларда хорижий молия институтлари кредит линиялари ҳисобидан 50 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар йўналтирилади. Қашқадарё вилоятига 2021-2022 йилларда чет давлатлардан олиб келинадиган чорва молларини сотиб олиш учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига зарур кредитлар ваколатли банклар томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида мавжуд ресурслар ҳисобидан ажратиб борилади.

 

Қуйидагилар ташкил этилади:

  • «Ўзбекчорванасл» агентлиги марказий аппарати тузилмасида Паррандачилик ва қуёнчилик соҳаларини ривожлантириш бошқармаси;
  • «Ўзбекчорванасл» агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар «Чорванасл» марказларида паррандачилик ва қуёнчилик ишларини ривожлантириш сектори;
  • Давлат ветеринария хизмати тизимида чорва моллари, паррандалар ва балиқлар озуқаси таркибини таҳлил қилиш ҳамда паррандалар касалликлари ташхисини қўйиш бўйича лабораториялар;
  • Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Андижон ветеринария медицинаси техникуми.

 

Қуйидагилар «Ўзбекчорванасл» агентлигининг қўшимча вазифалари этиб белгиланди:

  • паррандачилик ва қуёнчилик тармоғини ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурий чора-тадбирлар амалга оширилишини мувофиқлаштириш, ягона илмий-техник, технологик, инвестициявий ва экспорт сиёсатини изчил амалга ошириш, шунингдек ички ва ташқи бозорларда нархлар мониторингини олиб бориш;
  • паррандачилик ва қуёнчилик маҳсулотларини сотиш бозорларини кенгайтириш бўйича маркетинг тадқиқотларини олиб бориш, маҳсулотлар нархлари шаклланишининг мақбул механизмини белгилаш бўйича таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқиш ва бошқалар.

 

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига қўшимча равишда республикада гўшт, сут ва бошқа чорвачилик маҳсулотларини етиштирувчи ва қайта ишловчи, тайёрловчи ҳамда реализация қилувчи корхоналар фаолиятини ривожлантиришга, шунингдек ўзаро ҳамкорлигини таъминлашга кўмаклашиш вазифаси юкланди. Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлигининг чорвачилик йўналишидаги лойиҳалари, лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари лойиҳа доирасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шартномалар ва мол-мулклари билан биргаликда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига ўтказилади.

 

Ҳужжат 4.03.2021 йилда «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган.

 

Эльмира Сиразиева.