Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳузуридаги Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш илмий-ишлаб чиқариш маркази тўғрисидаги низом тасдиқланди (9.03.2021 йилдаги 124-сон ВМҚ).
Президентнинг 26.11.2020 йилдаги «Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш, уларнинг уруғчилигини йўлга қўйишни ривожлантириш бўйича илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4901-сон қарорига мувофиқ Марказнинг асосий вазифалари қуйидагилар этиб белгиланди:
- доривор ўсимликларни илмий асосда етиштириш ва қайта ишлаш, улардан оқилона фойдаланишнинг ягона стратегиясини шакллантириш ва амалга ошириш;
- ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликлар ареалларини ўрганиш ва захираларини аниқлаш, мавжуд биоресурслар генофондини сақлаш, оналик плантацияларини ташкил этиш;
- уруғлик материалларини етиштириш ва тайёрлаш, кўпайтириш, коллекцион кўчатхоналар ташкил этиш ҳамда уларнинг хом ашёларини қайта ишлаш билан боғлиқ илмий ва амалий тадқиқотларни олиб бориш;
- доривор ўсимликларни муайян тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда маданий ҳолда етиштиришни йўлга қўйиш бўйича аниқ илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш;
- тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олиб маданий ҳолда етиштириладиган доривор ўсимликларнинг агротехнологик хариталарини Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси буюртмасига кўра ишлаб чиқиш;
- доривор ўсимликлар кимёвий таркибини ўрганиш, маҳсулотини стандартлаш ва сертификатлаш;
- доривор ўсимликларга бўлган ички ва ташқи бозорлар талабини ўрганиш бўйича маркетинг тадқиқотлари олиб бориш.
Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш илмий-ишлаб чиқариш маркази тўғрисидаги низомда қуйидагилар белгиланган:
- Марказнинг мақоми, асосий вазифалари ва функциялари;
- Марказнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шунингдек унинг фаолиятини ташкил этиш тартиби;
- Марказ фаолиятини молиялаштириш, Марказга тушадиган маблағларни йўналтириш ва ходимларини моддий рағбатлантириш тартиби.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.03.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.