ДБҚ қарори билан Дастлабки, даврий ва тўлиқ бўлмаган божхона юк декларацияларини расмийлаштириш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди (АВ рўйхат рақами 3296, 4.05.2021 й.).
Ҳужжат Президентнинг 2020 йил 6 июндаги ПФ-6005-сон "Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ қабул қилинган.
Низомга асосан:
- дастлабки божхона декларацияси (кейинги ўринларда - ДБД) - чет эл товарлари Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига етиб келгунига қадар "эркин муомалага чиқариш" божхона режимига мувофиқ божхона органига тақдим этиладиган ва улар ҳақидаги тўғри маълумотлар кўрсатилган ҳужжат;
- даврий божхона юк декларацияси (кейинги ўринларда - ДБЮД) - айни бир хил товарлар божхона чегараси орқали айни бир шахс томонидан мунтазам равишда олиб ўтилган пайтда божхона органига тақдим этиладиган ва улар ҳақидаги тўғри маълумотлар кўрсатилган ҳужжат;
- тўлиқ бўлмаган божхона юк декларацияси (кейинги ўринларда - ТББЮД) - божхона расмийлаштирувини амалга ошириш учун барча зарур ахборотга эга бўлмаган ҳолларда Божхона кодексининг 269-моддасига асосан божхона органига тақдим этиладиган ҳужжат.
ДБД, ДБЮД, ТББЮДнинг божхона расмийлаштируви икки босқичда амалга оширилади:
1) декларацияловчи шахс кўрсатилган декларацияларни божхона органларига электрон ёки қоғоз шаклда тақдим этади ва божхона органларида рўйхатга олинади;
2) декларант ёки декларацияловчи шахс божхона органига тўлиқ БЮДни тақдим этади ва уни божхона органларида расмийлаштиради.
Ҳисобланган ва ундирилган йиғим иккинчи босқичда тўлиқ БЮД тақдим этилганида такроран ундирилмайди.
Белгиланишича, товарларни дастлабки декларациялаш қуйидаги ҳолларда қўлланилмайди:
- товар Ўзбекистон божхона ҳудудига амалда етиб келганда;
- Ўзбекистон ҳудудига импорт қилиниши тақиқланган товар бўлганда;
- ваколатли органлар томонидан рухсат этиш хусусиятига эга бўлган ҳужжатлар талаб этиладиган ҳолларда, бундан мувофиқлик, ветеринария, экологик сертификатлари, санитария-эпидемиологик хулоса, карантин ҳамда радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни олиб кириш учун рухсатномалар мустасно;
- лицензиялар бўйича импорт қилинадиган товар бўлса.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 4.08.2021 йилдан кучга киради.
Наргиза Воҳидова.