Вазирлар Маҳкамасининг 04.05.2021 йилдаги “Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 275-сон қарори қабул қилинди.
Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиали негизида ташкил этилади, унинг фаолиятини Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мувофиқлаштиради.
Қабул параметрлари ҳар йили Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланади. Ўқув жараёни 2021/2022 ўқув йилидан бошланади.
Институтда таълимнинг кредит-модуль тизими жорий этилади, ҳафтада беш кунлик ўқиш ҳамда ҳафтанинг шанба куни мустақил ўзлаштириш куни деб белгиланади.
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Институт тузилмасида Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорликда “Геоахборот тизимлари” маркази ва лабораторияси ташкил этилади.
Шунингдек, “Мойли экинлар селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари” ўқув-илмий маркази фаолияти йўлга қўйилади.
Институтга хориждан ва республиканинг бошқа ҳудудларидан ишга таклиф этилган мутахассисларга Нукус шаҳрида қурилаётган арзон уй-жойлардан имтиёзли шартлар асосида ажратилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 5.05.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.