Вазирлар Маҳкамаси 27.05.2021 йилдаги “Мактабдан ташқари таълим тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 331-сон қарорни қабул қилди.
Президентнинг "Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 30 сентябрдаги ПҚ-4467-сон қарорига мувофиқ қуйидагилар тасдиқланди:
- "Баркамол авлод" республика болалар мактаби ва Республика "Болалар кутубхонаси"нинг тузилмаси;
- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар "Баркамол авлод" болалар мактаблари ва "Болалар кутубхоналари"нинг намунавий тузилмаси;
- "Баркамол авлод" болалар мактаблари ва "Болалар кутубхоналари" тўғрисидаги низомлар.
Халқ таълими вазирлигига умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари учун республикада ишлаб чиқарилмайдиган, хориждан олиб келинадиган хом ашёлар ва жиҳозлар рўйхатини тузиш топширилди. Хом ашёлар ва жиҳозлар ўқувчилар томонидан муҳандислик, робототехника ва бошқа йўналишлар бўйича ўқув машғулотларида фойдаланиш учун мўлжалланган.
ХТВ ҳузуридаги "Халқ таълими соҳасида лойиҳа ҳужжатларига техник топшириқларни ишлаб чиқиш ва қурилиш объектлари сифатини мониторинг қилиш бўйича инжиниринг компанияси" ДУК - қурилиш-монтаж ишлари буюртмачиси этиб белгиланди. Ишлар жумласига "Баркамол авлод" болалар мактаблари, "Болалар сайёҳлик базаси", "Болалар кутубхона"лари бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишларини амалга ошириш киради.
ХТВ ҳузуридаги "Ўқув таълим-таъминот" ДУК - жиҳозларни хариди буюртмачиси этиб белгиланди. Бунда ХТВ танлов (тендер) савдолари асосида бош лойиҳачи ва пудратчи ташкилотларни аниқлаши зарур.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.05.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.