Президентнинг 25.06.2021 йилдаги “Нодавлат таълим ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва таълим жараёнида ёшлар учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5161-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга асосан нодавлат таълим ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги чоралари жорий этилади:
а) 2021 йил 1 июлдан бошлаб:
- моддий-техник базани мустаҳкамлаш (автотранспорт воситаларини сотиб олишдан ташқари);
- таъмирлаш-тиклаш ишлари;
- ходимларни (ўқитувчиларни) қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун тижорат банклари кредитлари бўйича Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қонунчиликда белгиланган миқдорларда ва шартларда кафилликлар ҳамда фоиз харажатларини қоплаш учун компенсациялар тақдим қилиш.
Компенсация аввал берилган кредитларга ҳам қарздорлик қолдиғига нисбатан татбиқ этилади;
б) 2021 йил 1 августдан 2024 йил 1 январга қадар:
- таълим жараёнида фойдаланиладиган бино ва иншоотлар ижара тўлови харажатларининг 50%игача;
- бироқ давлат кўчмас мулк объектларидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг қонунчиликда белгиланган минимал ставкасининг 50% миқдоридан кўп бўлмаган миқдорда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш.
Ушбу тартиб Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида жойлашган ва таълим жараёнида фойдаланиладиган бино ва иншоотларга татбиқ қилинмайди.
2021 йил 1 июлдан 2024 йил 1 январга қадар вазирлик ва идоралар тизимидаги коллеж ва техникумларнинг бино ва иншоотларида (Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидан ташқари) фаолиятини амалга оширадиган НТТ:
- ижара тўловидан озод этилади (сақлаш ва коммунал тўловлар бўйича харажатлар бундан мустасно);
- таълим жараёни натижасида олинган, ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни (иш ва хизматларни) таълим ташкилотлари учун назарда тутилган имтиёзлар (ҚҚС ва фойда солиғи бўйича) татбиқ этилган ҳолда реализация қилиш ҳуқуқига эга.
Дарсдан бўш вақтларда, шу жумладан ёзги таътил вақтида қуйидаги давлат мулки объектларининг НТТга ижарага берилади:
- мактабдан ташқари таълим курсларини, шунингдек, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш учун давлат умумий ўрта ва олий таълим муассасалари бўш майдонларини;
- аҳолининг компьютер саводхонлиги бўйича курслар ташкил этиш учун қишлоқ жойларда жойлашган давлат умумий ўрта ва профессионал таълим муассасаларидаги компьютер синфларини. Бунда, курсларни ташкил этиш учун жалб қилинган ўқитувчиларнинг иш ҳақи харажатларининг бир қисми ойига БҲМнинг 6 баробаригача миқдорида тегишли маҳаллий бюджетлар ҳисобидан 2024 йил 1 январга қадар компенсация қилинади.
2021 йил 1 октябрдан бошлаб солиқ тўловчи томонидан тегишли халқаро уюшмага аъзо бўлиш учун аъзолик бадалларига ҳамда қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун НТТга йўналтириладиган ўзининг иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммаси ЖШДСдан озод қилинади. Мазкур солиқ имтиёзлари БҲМнинг 8 баробаригача бўлган суммага, шунингдек,ўқув курсидан муваффақиятли ўтган ҳамда тегишли халқаро уюшма аъзоси сифатида аъзолик бадаллари тўловини ва кўрсатилган хизматлар учун тўловни тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлганда қўлланилади.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳузурида Молиявий ҳисобот ва аудитнинг халқаро стандартлари бўйича инновацион малака ошириш ресурс маркази, шунингдек, Бухгалтерия ҳисоби ва солиқлар бўйича нодавлат малака ошириш ресурс маркази ташкил этилади. 2021-2022 йиллар давомида уларга юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун 500 млн сўмдан маблағ ажратилади.
ОЎМТВ Молия вазирлиги ва Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда 2022 йил якунига қадар Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти, Молия вазирлиги ҳузуридаги ўқув маркази ҳамда Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтини бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасидаги халқаро ташкилотларнинг аккредитациясидан ўтказиш чораларини кўриш топширилди. Юқоридаги олий таълим муассасаларининг ҳар бирига 2022 йилда 100 млн сўмдан маблағ ажратилади.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти ва Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти халқаро аккредитациядан ўтган тақдирда, уларнинг моддий-техник базасини ривожлантириш учун 2023 йилда 1 млрд сўмдан бир марталик рағбатлантириш маблағлари ажратилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.06.2021 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.