Адлия вазири томонидан “Нотариуслар томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун ундириладиган тўловларнинг максимал миқдорларига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги буйруқ имзоланди (рўйхат рақами 3235-2, 11.03.2022 й.).
Ҳужжат Президентнинг 2018 йил 13 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3666-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 мартдаги «Нодавлат нотариал фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 156-сон қарорига мувофиқ қабул қилинди.
Шундай қилиб, гаров (ипотека) ва лизинг шартномаларини тасдиқлаш учун ҳақ миқдори барча шахслар учун БҲМнинг 10%гача камайтирилди. Илгари, жисмоний шахслар учун 20% ва агар битта томон юридик шахс бўлса – БҲМнинг 50%ни ташкил қилган.
Ўз навбатида, мерос иши бўйича тушунтиришлар бериш учун тўланадиган ҳақ миқдори икки баравар кўпайди ва энди БҲМнинг 20%ини ташкил қилади.
Нотариал тасдиқланадиган ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш тартибига қуйидаги ўзгартиришлар киритилди:
- гаров (ипотека) ва лизинг шартномалари лойиҳаларини тайёрлаш учун тўланадиган ҳақ миқдори. Жисмоний шахслар учун (ҳамда битта тараф жисмоний шахс бўлса) бу миқдор БҲМнинг 15%ини ташкил этади. Илгари, бу ҳақ икки баравар кўпроқ эди ва 30%ни ташкил қилар эди. Агар шартноманинг икки тарафи юридик шахслар бўлса, ҳақ миқдори БҲМнинг 100%ини ташкил қилади, олдинги таҳририда бу миқдор томонлардан бири юридик шахс бўлган тақдирда қўлланилган;
- барча шахслар (юридик ва жисмоний) учун мулкни ижарага бериш шартномаларини тайёрлаш учун ҳақ миқдори БҲМнинг 20%ини ташкил қилади. Илгари, бу миқдор шартнома тарафлари кимлигига қараб фарқланарди. Жисмоний шахслар учун – 20%, томонлардан бири юридик шахс бўлса – 50%;
- меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома лойиҳасини тайёрлаш учун энди БҲМнинг 100%и ундирилади. Илгари, бу миқдор 20%ни ташкил қилган.
«Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали кўчмас мулк ёки автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги текшириш ёки бу ҳақда маълумотнома бериш (ҳар битта мулк учун) БҲМнинг 15%и ундирилади. Илгари, агар шартноманинг тарафидан бири юридик шахс бўлса, бу миқдор 25%ни ташкил қилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.03.2022 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова.