Вазирлар Маҳкамасининг 02.04.2022 йилдаги “Дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги 149-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан дори воситалари (субстанциялар бундан мустасно) ва тиббий буюмларни гуруҳларга бўлинишини назарга тутган ҳолда идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини 2022-2025 йиллар давомида босқичма-босқич жорий қилиш назарда тутилган.
Мажбурий рақамли маркировкалашни бошлаш муддатлари ҳамда маҳсулотлар турлари қуйидагича белгиланди:
- биринчи гуруҳ - иккиламчи (ташқи) қадоқларда ишлаб чиқарилган дори воситалари (орфан дори воситалари бундан мустасно) - 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб;
- иккинчи гуруҳ - бирламчи (ички) қадоқларда ишлаб чиқарилган дори воситалари ва доривор ангро - маҳсулотлари (орфан дори воситалари бундан мустасно) - 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб;
- учинчи гуруҳ - орфан дори воситалари (кам учрайдиган касалликларни даволаш учун) - 2023 йил 1 мартдан бошлаб;
- тўртинчи гуруҳ - махсус рўйхатга киритилган импорт қилинган тиббий буюмлар - 2025 йил 1 февралдан бошлаб.
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Мажбурий рақамли маркировкаланадиган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг идентификация кодлари рўйхати;
- Дори воситалари ва тиббий буюмларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини босқичма-босқич жорий қилиш графиги;
- Дори воситалари ва тиббий буюмларни хорижий ишлаб чиқарувчилар томонидан мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини босқичма-босқич жорий қилиш графиги;
- Улгуржи ва чакана савдо ташкилотларининг дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимига босқичма-босқич ўтиши графиги;
- Соғлиқни сақлаш соҳасидаги тиббиёт муассасаларининг дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимига босқичма-босқич ўтиши графиги;
- Дори воситалари ва тиббий буюмларни идентификация воситалари орқали рақамли маркировкалаш тартиби тўғрисидаги низом.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 02.04.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.