Президентнинг 20.04.2022 йилдаги «Давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинди.
2022 йил 1 августдан бошлаб:
- давлат хизматларидан фойдаланиш учун шахсни идентификациялашнинг мавжуд тизим ва воситаларига қўшимча равишда жисмоний шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими жорий этилади;
- шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:
- Мобил-ID тизими “Электрон ҳукумат” тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш бўйича ягона ахборот тизимининг таркибий қисми ҳисобланади ва шахсни унинг мобиль телефон рақами орқали идентификациялашни назарда тутади;
- шахсни Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациялаш фуқаронинг хоҳишига кўра давлат хизматлари марказлари ёки нотариал идоралар томонидан ёхуд Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобиль иловаси орқали амалга оширилади;
- Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациядан ўтиш учун фуқаро томонидан бевосита Марказ ёки нотариал идорага мурожаат қилинганда шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг асли тақдим этилади ҳамда Марказ ёки нотариал идора ходими томонидан фуқаронинг юзи рақамли форматда расмга туширилади, электрон шаклда қўл бармоғи изи олинади ва мобил телефон рақами ЯИДХПдаги шахсий кабинетга боғланади;
- Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациядан ўтиш учун фуқаро томонидан ЯИДХПнинг мобил иловасидан фойдаланилганда масофадан биометрик идентификациялаш усули ёки ID-картадаги электрон рақамли имзо қўлланилади ҳамда мобил телефон рақами ЯИДХПдаги шахсий кабинетга бепул боғланади;
- бевосита Марказлар ёки нотариал идора орқали фуқароларни Мобил-ID тизимига идентификация қилиш 2022 йил 31 декабрга қадар тўлов ундирилмасдан, 2023 йил 1 январдан бошлаб базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизи миқдорида бир марталик тўлов ундирилган ҳолда амалга оширилади;
- Мобил-ID тизими фойдаланувчилари электрон рақамли имзони қўлламаган ҳолда барча давлат хизматларидан (бундан молиявий хизматлар мустасно) фойдаланиши мумкин;
- фуқаронинг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига юбориладиган барча хабарномалар унинг хоҳишига кўра ва белгиланган тўловлар асосида Мобил-ID тизими орқали идентификацияланган мобиль телефон рақамига SMS-хабар шаклида юборилади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини модернизация қилиш ва жадал ривожлантиришнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган миллий стратегияси;
- Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини модернизация қилиш ва жадал ривожлантиришнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган миллий стратегиясини 2022-2023 йилларда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”;
- 2022 йил 1 июлдан айрим талаб ва шартлари бекор қилинаётган лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар рўйхати;
- 2022 йил 1 июндан Ягона интерактив давлат хизматлари порталида электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайдиган давлат хизматлари рўйхати;
- “Электрон ҳукумат” доирасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган давлат хизматлари тўғрисида электрон хабардор қилиш тизимига давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини интеграция қилиш жадвали;
- Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш ва кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган давлат органларининг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини Ягона биллинг тизимига босқичма-босқич интеграция қилиш жадвали;
- 2022-2026 йилларда давлат хизматлари кўрсатиш тизимини жадал ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари).
2022 йил 1 июлдан бошлаб коммунал ташкилотлар томонидан аҳолидан, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 мартдаги ПФ-6191-сон Фармонининг 4-банди ҳамда 2021 йил 24 июлдаги ПФ-6269-сон фармонининг 5-бандида назарда тутилган маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади.
2022 йил 1 сентябрдан бошлаб қуйидаги нодавлат ташкилотларга “Электрон ҳукумат” тизими орқали олиниши мумкин бўлган маълумотлардан фойдаланиш имконияти яратилади:
- тижорат банклари;
- телекоммуникация ташкилотлари;
- хусусий тиббиёт муассасалари;
- нодавлат таълим ташкилотлари;
- суғурта ташкилотлари.
2022 йил 1 июндан бошлаб шундай тартиб жорий этиладики, унга мувофиқ:
- “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахслар ва уларнинг фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда ўтказиладиган кириш тест синовларида иштирок этиш учун ундириладиган тўловлардан озод этилади;
- давлат хизматидан фойдаланишда ундириладиган тўловларни Марказларда жойлашган тижорат банклари шохобчасидан нақд ёки нақд пулсиз шаклда амалга оширганда икки фоизгача бўлган тижорат банкининг комиссия суммаси учун алоҳида тўлов ундирилмайди (бундан давлат божи тўловлари мустасно). Бунда, маблағларни олувчиларнинг ҳар бирига йўналтириладиган суммалар пропорционал равишда камайтирилган ҳолда, тижорат банкининг комиссия тўлови хизматдан фойдаланиш учун тўланадиган тўлов ҳисобидан ўтказиб берилади;
- ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар давлат хизматларини кўрсатиш ёки бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш функциялари юклатилган ташкилотларнинг мансабдор шахслари ва масъул ходимлари давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун жавобгар ҳисобланади.
Қарор билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди ва айримлари ўз кучини йўқотган деб топилди.
Саодат Усманова.