Президентнинг 07.05.2022 йилдаги «Самарқанд» халқаро аэропортини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва бошқариш бўйича лойиҳани амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-238-сон қарори қабул қилинди.
Қарор билан Молия вазирлиги ва «Air Marakanda» МЧЖ ХК (кейинги ўринларда — Хусусий шерик) ўртасида 2022 йил 11 апрелда имзоланган Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги битим тасдиқланди.
Ҳужжат билан белгиландики, ДХШ тўғрисидаги битимга мувофиқ Хусусий шерик томонидан янги қурилган объектлар:
- Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим амалда бўлган даврда Хусусий шерикка мулк ҳуқуқи асосида тегишли;
- Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим амал қилиш муддати тугаганда ёки муддатидан аввал бекор қилинганда мулк ҳуқуқи асосида фақат «Uzbekistan Airports» АЖ (Давлат шеригига) ўтказилади.
Шунингдек, Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги битим ва Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ уларнинг амал қилиш муддати давомида Хусусий шерик томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг чет эл валюталарига боғланишига рухсат берилди.
Қарор билан қуйидагилар белгиланди:
- Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга асосан Хусусий шерик Давлат шеригидан олган ҳамда Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим амал қилиш муддати тугаганда ёки муддатидан аввал бекор қилинганда Давлат шериги Хусусий шерикдан олган мол-мулк концессия битими бўйича қонунчиликка мувофиқ олинган мол-мулк ҳисобланади;
- Давлат шеригининг «Самарқанд» халқаро аэропортини модернизация қилиш учун Япония халқаро ҳамкорлик банкидан жалб қилинган кредитни қайтариш учун Давлат шеригига Хусусий шерик томонидан тўланадиган белгиланган шаклдаги тўловлар солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 07.05.2022 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова.