Президентнинг 2022 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектлари билан самарали мулоқот тизимини жорий этиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган.
Рақамли технологиялар орқали тадбиркорлик субъектларининг муаммолари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш учун “business.gov.uz” ягона интерактив порталини “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали этиб қайта ташкил амалга оширилади.
Портал орқали қуйидагилар амалга оширилади:
- тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кечаю кундуз қабул қилиш, ҳал этиш ва ушбу жараёнларни назорат қилиш;
- давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида тематик онлайн муҳокамалар ва сўровномалар ўтказиш орқали тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифларни шакллантириш;
- қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тадбиркорлик субъектларининг жамоавий мурожаатларини қабул қилиш;
- тадбиркорлик субъектлари учун зарур бўлган хизматлардан фойдаланиш, шу жумладан, лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатлар, кредит, субсидия, компенсация ҳамда кафилликлар олиш, солиқ ва божхона маъмуриятчилигини амалга ошириш имконини берувчи ахборот тизимлари билан уланиш.
2022 йил 1 августдан бошлаб порталга қуйидагилар томонидан мурожаатлар киритилади:
- тадбиркорлик субъектлари;
- ССП ҳузуридаги “Саll-марказ” хизмати;
- Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – тадбиркорлардан сайёр қабулларда келиб тушган мурожаатлар асосида;
- маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимларининг ёрдамчилари.
Порталга киритилган мурожаатлар автоматик равишда ёки Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан (мурожаатда ваколатли орган кўрсатилмаганда) тегишли ваколатли органларга кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун йўналтирилади. Ваколатли органлар портал орқали келиб тушган мурожаатларни қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқади ҳамда натижалари тўғрисида ахборотни порталга киритади.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил порталга киритилган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддати устидан рақамли назорат ўрнатади ҳамда қонунбузилиш ҳолатлари бўйича тегишли таъсир чораларини қўллайди.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони бошқарув ходимларининг чекланган сони 101 та штат бирлиги миқдорида белгиланади. Қўшимча 15 та штат бирлиги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг штат бирликларини қисқартириш ҳисобига шакллантирилади.
Лола Абдуазимова.