Президентнинг 24.03.2023 йилдаги “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Оммавий савдолар орқали тўлиқлигича сотиладиган 1 001 та корхонанинг акция пакетлари (улушлари) рўйхати;
- Акция пакетлари “Битта акция – битта лот” тамойили асосида халқ IPOсини ўтказиш тартибида оммавий савдолар орқали сотиладиган 40 та корхоналар рўйхати;
- Оммавий савдолар орқали сотиладиган 1 046 та давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарнинг кўчмас мулк объектлари рўйхати;
- Муниципал мулк объектларини белгилаш мезонлари.
Белгиланишича, оммавий савдолар орқали тўлиқлигича сотиладиган корхоналарнинг давлат акция пакетларини сотиш доирасида:
- энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида профессионал ташкилотлар савдо жараёнларини ташкил этиш учун жалб этилиши мумкин;
- маҳаллий инвесторларга “E-auksion” электрон савдо платформаси, шу жумладан, мобиль иловаси орқали реал вақт режимида уларни идентификация қилиш, инвестиция воситачилари билан шартнома тузиш ва депо ҳисобрақамини очиш имконияти яратилади;
- акцияларни сотиб олишда “E-auksion” электрон савдо платформасида барча инвестиция воситачилари ва уларнинг мижозлари иштирок этиши учун тенг шароитлар яратилади;
- акцияларни сотиб олиш учун электрон аризалар маҳаллий инвесторнинг ўзи томонидан ёки инвесторлар номидан ҳаракат қилувчи инвестиция воситачиси орқали берилиши мумкин;
- онлайн аукционлар якунларига кўра олди-сотди шартномалари қимматли қоғозлар савдолари ташкилотчиларининг савдо майдончаларидан ташқарида рўйхатдан ўтказилади ва унинг натижаси тўғрисидаги маълумот инвесторнинг шахсий кабинетига юборилади.
Қарор билан Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссияси деб қайта номланди ҳамда унинг янгиланган таркиби тасдиқланди.
Шунингдек, Давактив агентлигининг “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш” АЖ ва “Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийси” АЖнинг камида 10 фоиз акцияларини маҳаллий фонд бозорида халқ IPOсини ўтказиш орқали оммавий жойлаштириш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
2023 йил 1 июлдан бошлаб, жисмоний шахсларга “Давлат мулки” ахборот тизими орқали майдони 2 000 метр квадратгача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш ёки ижарага бериш учун тўғридан-тўғри онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича ариза бериш ҳуқуқи берилади.
2023 йил 1 сентябрдан бошлаб:
- кўчмас мулк объектлари ва давлат улушлари хусусийлаштирилганлиги тўғрисидаги давлат намунасидаги ордер ва сертификат Давлат хизматлари марказлари ва (ёки) ЯИДХП орқали QR-код қўйилган ҳолда берилади;
- онлайн аукцион савдоларида давлат мулки объектларини сотиб олган харидорлар билан шартномалар савдо натижаси бўйича баённома асосида “E-auksion” электрон савдо платформасида электрон шаклда (шу жумладан, ЭРИси орқали) расмийлаштирилади;
- ҳар чоракда тегишли вазирлик ва идоралар ходимларининг жойига чиққан ҳолда инвестиция мажбуриятларининг бажарилишини оралиқ мониторинг қилиш тартиби бекор қилинади;
- инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни қоғоз шаклида тақдим этиш тартиби бекор қилиниб, тегишли давлат органлари ва ташкилотларнинг электрон базасини“Давлат мулки” ахборот тизимига интеграция қилиш тадбиркорлар электрон тизимга киритадиган маълумотлар орқали ҳисоботларни олиш йўлга қўйилади.
Лола Абдуазимова.