Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzУдерживать ли НДС, оплачивая страховые услуги иностранной компании Если нет утвержденных нормативов естественной убыли ТМЦ Какие налоговые льготы продлеваются для негосударственных образовательных учреждений

Асосий ставка ўзгаришсиз қолдирилди

28.07.2023

Читать на русском языке

Марказий банк бошқаруви томонидан 2023 йил 27 июль куни асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш бўйича қарор қабул қилинди.

 

Инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг пасайишига қарамасдан, нархларга талаб омиллари билан боғлиқ босимларнинг сақланиб қолаётганлигини инобатга олиб, йил якунига қадар инфляциянинг прогноз доирасида бўлишини таъминлаш мақсадида асосий ставка ўзгаришсиз қолдирилди.

 

Макроиқтисодий кўрсаткичлар

 

Умумий инфляция йил бошидан пасаювчи динамикани намоён этиб, июнь ойида йиллик 9 фоизни ташкил қилди. Бунда, ўтган йилги юқори база эффекти таъсирлари тугаб бориши, импорт товарлари ва тартибга солинадиган нархлар нисбатан барқарор бўлганлиги асосий пасайтирувчи омиллардан бўлди. Хизматларга бўлган юқори талабнинг сақланиб қолиши ҳисобига хизматлар инфляциясида сезиларли пасайиш кузатилмади.

 

Маъмурий ва мавсумий омилларнинг нархларга таъсирисиз ҳисобланган базавий инфляция кутилганидан кўра секинроқ пасайди ва июнь ойида 11,3 фоизни ташкил этди. Натижада, базавий инфляция ва умумий инфляция ўртасидаги тафовутнинг ошиб бориши кузатилмоқда. Ўртача йиллик инфляция ҳам жорий инфляциядан юқори шаклланган.

 

Бу ҳолат нархлар шаклланишида фундаментал талаб омиллари таъсири сақланиб қолаётганлиги, истеъмол бозорларидаги талаб ва таклифнинг тўлиқ мувозанатлашмаганлигини кўрсатмоқда ва истеъмол саватида нархлари 10 фоиздан юқори ошган товар ва хизматлар улушининг юқорилигида ҳам намоён бўлмоқда.

 

Аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари ҳам пасайиб июнь ойида 13-13,5 фоизни ташкил қилди. Бунда инфляцион кутилмаларнинг асосий омиллари қаторида валюта курси ўзгариши, иш ҳақи ва нафақалар ошишини кутаётган респондентлар улуши ортган.

 

Иқтисодий ўсиш суръатлари жорий йил биринчи ярим йиллигида 5,6 фоизни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан юқори суръатларни қайд этди. Кредитлаш суръатларининг тезлашиши, бюджет харажатларини ортиб бориши, хусусан, иш ҳақи ва нафақаларнинг оширилиши иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватловчи асосий омиллардан бўлмоқда.

 

Пул-кредит шароитлари

 

Жорий йилнинг I ярим йиллигида “нисбатан қатъий” пул-кредит шароитлари таъминланди. Банклараро пул бозорида фаоллик сезиларли ошиб, Uzonia ставкаси ва банклараро РЕПО операциялари бўйича фоиз ставкалари тўлиқ фоиз коридори доирасида асосий ставкага яқин даражада шаклланди.

 

Кредит ва депозит бозорларида ўртача фоиз ставкалари ўтган ойлардаги кўрсаткичларга нисбатан деярли ўзгаришларсиз шаклланмоқда.

 

Иқтисодиётга кредит қўйилмалари ўсишини устувор равишда аҳолига ажратилаётган кредитлар таъминламоқда. Июнь ойи якунлари бўйича аҳолига ажратилган кредитлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 баробарга ўсди. Бунда, чакана кредитларнинг йиллик ўсиш суръатлари ўтган ойдаги кўрсаткичларга нисбатан бироз секинлашди. Айни пайтда, 2023 йилнинг I ярмида ажратилган корпоратив кредитлар ҳажми 116 трлн. сўмни ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга ошди.

 

Прогнозлар

 

Янгиланган прогнозларга кўра, ташқи иқтисодий шароитларга иқтисодиётнинг мослашувини давом этаётганлиги ва айрим ноаниқликларни сақланиб қолаётганлигини ҳисобга олиб 2023 йил якунлари бўйича реал ЯИМ ўсиши 5,0-6,0 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

 

Бунда, аҳоли даромадлари ошиши, фискал рағбатлар ва хизматлар соҳасидаги фаолликнинг юқорилиги иқтисодий ўсишни асосий қўллаб-қувватловчи драйверлари бўлади.

 

Жорий йил якуни бўйича инфляция даражаси макроиқтисодий ривожланишнинг базавий сценарийси доирасида шаклланиб, 8,5-9,5 фоиз атрофида бўлиши борасидаги прогнозлар ўзгаришсиз қолдирилди.

 

Жаҳон хомашё нархлари барқарорлашаётган, етказиб бериш занжирлари тикланаётган ва ички иқтисодий фаоллик ортаётган даврда базавий инфляциянинг юқори даражада сақланиб қолиши иқтисодиётда нархларни оширувчи фундаментал талаб омиллари устунлигини билдириб, пул-кредит шароитларининг жорий тенденциясини узоқроқ муддат сақлашни талаб қилади.

 

Ўз навбатида, озиқ-овқат маҳсулотлари импорт таъминотидаги сўнгги яхшиланиш динамикасининг давомийлиги бўйича ноаниқликлар сақланиб қолмоқда. Бундан ташқари, иқлим ўзгариши таъсирида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан боғлиқ харажатларни ўсиш хатарлари, юқори талаб динамикаси шароитида нархларга қўшимча босим яратиши мумкин.

 

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2023 йил 14 сентябрга белгиланган.