18.08.2023 йилдаги ЎРҚ-863-сон Қонун билан “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 16 майда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2023 йил 5 августда маъқулланган.
Киритилган қўшимчаларга асосан Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги волонтёрлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Агентлик олдига қуйидаги вазифалар қўйилди:
- волонтёрлик фаолияти соҳасида давлат сиёсатининг амалга оширилишида иштирок этиш;
- норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш.
Шунингдек, Қонун билан республика ижро этувчи ҳокимият органларининг волонтёрлик фаолияти соҳасидаги ваколатлари белгиланди.
Шу билан бирга, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, давлат мақсадли дастурларини амалга ошириш бўйича ваколатлар берилди.
Қонун Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.08.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова