Вазирлар Маҳкамасининг 18.12.2023 йилдаги «Ёшларга оид тадбирларнинг йиллик календарь режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 667-сон қарори қабул қилинди.
2024 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида ўтказиладиган ёшлар фестиваллари, форумлар, лойиҳалар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни ёшларга оид тадбирларнинг йиллик календарь режаси асосида амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Ҳужжат билан қуйидагиларни назарда тутувчи Ёшларга оид тадбирларнинг йиллик календарь режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди:
- ёшлар фестиваллари, форумлар, лойиҳалар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда уларда қатнашиш тартиби;
- ёшларга оид тадбирларнинг йиллик календарь режасини шакллантириш ва тасдиқлаш тартиби;
- календарь режада назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш.
Календарь режа ҳар йили декабрь ойи якунига қадар давлат органлари ва ташкилотларининг таклифлари асосида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ишлаб чиқилади.
Календарь режа доирасида ўтказиладиган тадбирлар, шунингдек иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ахборот электрон шаклда yoshlarportali.uz порталида жойлаштирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.12.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.