Президент томонидан 19.02.2024 йилдаги “Республикада мис хомашёсини чуқур қайта ишлашни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-77-сон Қарор имзоланди.
Мис хомашёсини чуқур қайта ишлаш корхоналари фаолиятини ўрганиш бўйича комиссия ташкил этилмоқда. Комиссия биржа савдолари орқали мис хомашёсини харид қилаётган маҳаллий корхоналар фаолиятини қуйидаги йўналишлар бўйича ўрганади:
- ишлаб чиқаришда кўп поғонали технологик занжир жорий этилганлиги;
- ишлаб чиқариш жараёни рақамлаштирилганлиги ва халқаро сертификат мавжудлиги;
- синов базаси мавжудлиги ва асосий воситаларнинг янгиланиш даражаси ва бошқа йўналишлар.
Ўрганиш натижаларига кўра Комиссия мис хомашёсидан юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар рўйхатини тасдиқлайди. Рўйхатга киритилган корхоналар мис хомашёсини харид қилиш учун биржа савдоларида иштирок этишлари мумкин бўлади.
Биржа савдолари орқали харид қилинган мис хомашёси учун тўловларнинг 25% бўнак тарзида, қолган 75% мис хомашёси олинганидан сўнг 90 кун ичида тўлашга рухсат берилади.
Бунда мис хомашёси учун тўловларни бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган ҳар бир кун учун тўланиши лозим бўлган тўловлар суммаси қуйидагича белгиланади:
- 30 кун ичида амалга оширилган тўловлар қисмига - фоиз ҳисобланмайди;
- 31 кундан 60 кун ичида амалга оширилган тўловлар қисмига - Марказий банк асосий ставкасининг 50% миқдорида фоиз ҳисобланади;
- 61 кундан 90 кун ичида амалга оширилган тўловлар қисмига - Марказий банк асосий ставкаси миқдорида фоиз ҳисобланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.04.2024 йилдан кучга киради.
Собир Нурбердиев