Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 26.02.2024 йилдаги ПҚ-39-сонли “Солиққа оид айрим ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини мақбуллаштириш тўғрисида”га Қарор имзоланди.
Қуйида кўрсатилган тартиб-қоидаларга оид ҳуқуқбузарликлар учун молиявий жарималар белгиланди:
- фискал белгиларни акс эттириш;
- автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш;
- солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишни таъминлаш;
- товарларни (маҳсулотларни) ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар томонидан идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун қуйидаги молиявий жарима миқдори белгиланади:
● ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этиланда – реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 2 фоизи;
● ҳуқуқбузарлик молиявий жарима қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилганда – реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 20 фоизи.
2024 йил 27 февралга қадар фискал тартиб-қоидаларга оид ҳуқуқбузарликлар учун қўлланилган молиявий жарималар бўйича мавжуд қарздорликнинг 98 фоизи ҳисобдан чиқарилади ва ҳисобдан чиқарилган қарздорликни ундириш билан боғлиқ суд ва ижро ишлари тугатилади (Солиқ қўмитасига фискал тартиб-қоидаларга оид ҳуқуқбузарликлар учун ундирилган жарима суммаларини келгуси тўловлар ҳисобига белгиланган тартибда тадбиркорлик субъектларига қайтаришни таъминлаш топширилди).
Солиқ кодексига мазкур Фармондан келиб чиқиб, тегишли ўзгартиришлар киритилгунга қадар фискал тартиб-қоидаларга оид ҳуқуқбузарликлар учун молиявий жарималар ва маъмурий жазо чоралари қўлланилмайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.02.2024 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев