Президентнинг 03.03.2024 йилдаги ПҚ-113-сонли “2024 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Байрам мамлакатимизда «Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!» деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳ ва юқори даражада кенг нишонланнади.
Ҳужжат билан Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита тузилди ҳамда унинг таркиби тасдиқланди. Унга Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлаш бўйича ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот тадбирлари дастурини тасдиқлаш топширилди.
Тошкент шаҳридаги «Янги Ўзбекистон» мажмуасида махсус дастур асосида халқ сайилларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Бу йилги Наврўз байрами муқаддас Рамазон ойида нишонланишини инобатга олиб, кекса авлод вакилларини, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини ҳар томонлама эъзозлаш, «Меҳрибонлик», «Саховат» ва «Мурувват» уйларида яшаётган шахслар, ижтимоий ҳимоя дафтарларига киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олинади, улар учун дастурхонлар ташкил этилади ҳамда турли хайрия тадбирлари амалга оширилади.
Наврўз байрами арафасида республикамизнинг барча ҳудудларида, кўча, маҳалла, туман ва шаҳарларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига қаратилган умумхалқ ҳашарлари ўтказилади.
Ўтказиладиган байрам тадбирлари Тошкент шаҳрида — республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — тегишли маҳаллий бюджетлар ҳамда жойлардаги ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 05.03.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова