Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланди (07.03.2024 й. АВ рўйхат рақами 3500-сон)
Жамғарма маблағлари қатъий равишда қуйидаги мақсадларга сарфланади:
● соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ва Вазирлик тизимидаги давлат тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга;
● тиббий асбоб-ускуналар, компьютерлар, планшетлар, мультимедиа ва тармоқ қурилмалари, дастурий таъминотларни харид қилиш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш ва ривожлантиришга;
● соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ва Вазирлик тизимидаги давлат тиббиёт муассасаларининг ходимларини хорижда тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, ўқитиш, малака ошириш ва тажриба алмашишни республикада ташкил этиш учун хорижий мутахассисларни жалб этиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга;
● онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликлар бўйича юқори технологик мураккаб операцияларни амалга ошириш учун мутахассисларни, шу жумладан хорижий мутахассисларни жалб қилишга;
● онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун тегишли тиббиёт муассасаларини капитал ва жорий таъмирлаш, қуриш ва реконструкция қилиш, уларга асбоб-ускуналар, дори воситалари, тиббий буюмлар, лаборатория реактивлари ва бошқа сарфлаш воситаларини харид қилишга;
● онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларга республика ҳудудидаги давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларининг юқори технологик ташхис ва даволаш-профилактика хизматлари учун харажатларини қоплашга.
Жамғарма маблағлари бўйича даромад ва харажатлар сметаси Жамғарма дирекцияси томонидан ишлаб чиқилади ҳамда Кенгаш томонидан тасдиқланади.
Жамғарма маблағлари ҳисобидан ташхис қўйиладиган ва даволанадиган онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликлар рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Жорий молия йилида фойдаланилмаган (ўзлаштирилмаган) маблағлар кейинги йилга ўтказилади.
Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари қуйидагилар ҳисобига шаклланади:
● Давлат бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағлар;
● иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш учун Давлат бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағлар;
● спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва дори воситаларини бепул етказиб бериш харажатлари учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
● Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассасалар ва ташкилотларнинг бўш турган бинолари, кўчмас мулк объектлари ва ер участкаларини оммавий савдолар (аукцион)да сотишдан тушадиган маблағларнинг республика бюджетига ўтказиладиган 50 фоизи;
● Вазирлик тизимидаги муассаса ва ташкилотларнинг мол-мулкини ижарага беришдан тушадиган тушумларнинг, Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг операцион харажатларини чегириб ташлаган ҳолда, маҳаллий бюджетларга ўтказиладиган 100 фоизи.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.03.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова