Президентнинг 27.05.2024 йилдаги “Олий ва профессионал таълим ташкилотлари талабалари ва ўқувчиларига бюджет маблағлари ҳисобидан таълим кредитини ажратиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-82-сон Фармони қабул қилинди.
Олий ва профессионал таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиётган талаба ва ўқувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган Давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланиш мақсадида таълим кредити берилади.
2024/2025 ўқув йилидан бошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан таълим кредити ажратишнинг янги тартиби жорий этилади:
- олий ва профессионал таълим ташкилотларида таҳсил олиш учун таълим кредитини фақат кундузги таълим шаклида ўқиётган талаба ва ўқувчиларга ажратиш;
- таълим кредитини:
– олий таълим ташкилотларининг биринчи босқич талабалари ҳамда профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари учун –тўлов-контракт суммаси миқдорида;
– олий таълим ташкилотларининг иккинчи ва ундан юқори курс талабалари учун фанларни ўзлаштиришнинг ўртача кўрсаткичи “3” дан паст бўлган тақдирда тўлов-контракт суммасининг кўпи билан 80 фоизи миқдорида ажратиш (“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оилалар фарзандлари бундан мустасно).
Шунингдек, ҳужжат билан таълим кредити қуйидагилар учун ажратилиши белгиланди:
- олий таълим ташкилотлари талабалари учун – талабалар тўғрисидаги маълумотлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг “Талабаларга шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар ҳисобини юритиш” (kontrakt.edu.uz) ахборот тизими ва “Олий таълим жараёнларини бошқариш” (HEMIS) ахборот тизимида мавжуд бўлганда;
- профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари учун - ўқувчилар тўғрисидаги маълумотлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг “Профессионал таълим жараёнларини бошқариш” (prof.edu.uz) ахборот тизимида мавжуд бўлганда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига 2024 йил 1 июлга қадар ташкилий-ҳуқуқий шакли ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар барча олий ва профессионал таълим ташкилотларининг тўлов-контракт шартномаси “kontrakt.edu.uz” ва “prof.edu.uz” ахборот тизимлари орқали шакллантириш топширилди.
2024/2025 ўқув йили бошлангунга қадар таълим кредитини олиш учун аризаларни Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг "Таълим кредити" ахборот тизими (talim-krediti.mf.uz) ва ЯИДХП орқали топшириш имконияти яратилиши режалаштирилмоқда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.05.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова