Вазирлар Маҳкамасининг 11.06.2024 йилдаги “2024 йил ҳосилидан буғдой харид қилиш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 325-сон қарори имзоланди.
2024 йил ҳосилидан суғориладиган майдонларнинг ҳар гектаридан ўртача 2,5 тоннадан жами 2 млн 550 минг тонна буғдойнинг, жумладан:
- 1 млн 513 минг тоннаси фермер хўжаликлари ҳамда бошқа буғдой етиштирувчилар томонидан кейинчалик биржа савдоларида сотиш учун Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг тижорат вакилида вақтинчалик сақлашга қабул қилинади;
- 837 минг тоннаси товар буғдой давлат ресурси сифатида;
- 200 минг тоннаси уруғлик учун Жамғарма маблағлари ҳисобидан харид қилинади.
2024 йил ғалла ҳосилидан бошлаб буғдойни сақлаш қувватига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар Жамғарманинг тижорат вакили хисобланади. Улар товар буғдойни харид қилиш ва сотиш бўйича электрон ҳисобварақ-фактура ҳисобини юритади, шунингдек “d-xarid.uz” ахборот тизимига киритиладиган молиявий ҳисоб-китоблар ва маълумотларнинг ҳаққонийлигига шахсан жавобгар ҳисобланади.
2024 йил ғалла ҳосилидан бошлаб:
- давлат ресурси сифатида товар буғдойни харид қилиш жараёнида ҚҚС ҳисобга олинмайди ва сотишда солиқ солиш базасига киритилмайди;
- устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган тижорат банклари томонидан давлат ресурси сифатида товар буғдойни харид қилиш жараёнида банк хизматлари ундирилмайди;
- давлат ресурси сифатида ҳамда вақтинча сақлашга қабул қилинадиган буғдойнинг сифати, сақланиши ҳамда харидорларга юклаб жўнатилишида товар буғдойнинг сифати бўйича назорат “Ўзагроинспекция” томонидан амалга оширилади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- 2024 йил ҳосилидан вақтинчалик сақлаш, давлат ресурси ва уруғлик учун буғдойни қабул қилиш омборлари дислокацияси;
- 2024 йил ҳосилидан давлат ресурси сифатида харид қилинадиган буғдой нархларини аниқлаш коэффициентлари.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 14.06.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова