Президентнинг 22.06.2024 йилдаги “Тошкент шаҳрида бокс ва гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактаблари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-94-сон Фармони қабул қилинди.
Ҳужжатга асосан, бокс бўйича Баҳодир Жалолов ҳамда гимнастика бўйича Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактаблари Спорт вазирлиги тизимидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказилади.
2024 йил 1 сентябрга қадар ихтисослаштирилган спорт мактаблари учун мақбуллаштирилган ўқув режалари ишлаб чиқилади. Бунда Ўзбекистон тарихи ва инглиз тили фанларининг чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилишига ҳамда умумлашган табиий фан ва спорт психологиясининг замонавий усулларда ўргатилишига алоҳида эътибор қаратилади.
Гимнастика хоналарини ташкил қилиш учун ҳар бир туман ва шаҳардан камида 3 тадан энг намунали давлат мактабгача таълим ташкилотларини танлаб олинади.
Ихтисослаштирилган спорт мактабларида:
- ўқув-тарбия жараёни 5-11-синфлар доирасида махсус таълим дастурлари бўйича ташкил этилади;
- қабул жараёнларига халқаро ва маҳаллий тренер-селекционерлар жалб қилинади;
- таълим бериш жараёни ҳар бирида ўқувчилар сони 12 нафардан кам бўлмаган, бироқ 24 нафардан ортиқ бўлмаган синфларда амалга оширилади;
- ихтисослаштирилган спорт мактаби ўқувчиларининг умумий чекланган сони 168 нафар этиб белгиланади.
2024/2025 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили маҳаллий ва хорижий спорт усталари, тренер ҳамда машҳур спортчилар иштирокида маҳорат дарслари ўтказилади.
Ихтисослаштирилган спорт мактаблари ўқувчи-спортчилари Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақаларида алоҳида жамоа сифатида тўғридан-тўғри иштирок этади. Бундан ташқари, тизимда бокс ва гимнастика бўйича тренерлар мактаби ташкил қилинади.
2024 йил 1 сентябрдан бошлаб ихтисослаштирилган спорт мактаблари ходимларига ҳар ойлик 100 фоизгача устама тўлаш тартиби жорий этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.06.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова