Президент томонидан 10.07.2024 йилдаги “Давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ва унда кичик тадбиркорлик субъектлари иштирокини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-249-сон Қарор имзоланди.
2024 йил 1 сентябрдан бошлаб электрон дўкон воситасида давлат харидларини амалга оширишда нарх ва бошқа шароитлар тенг бўлган ҳолларда, ушбу мезонларнинг бири асосида ногиронлиги бўлган шахслар, хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаган кичик тадбиркорлик субъектларининг таклифлари устунликка эга бўлади.
2024 йил 1 сентябрдан 2025 йил 31 декабрга қадар Бизнесни ривожлантириш банки ҳузуридаги кичик бизнесга кўмаклашиш марказлари (кейинги уринларда – марказлар) ёрдамида ишлаб чиқилган лойиҳалар доирасида импорт қилинадиган асбоб- ускуналарни суғурталаш ҳамда хомашё ва материалларни сертификатлаш харажатларининг 50%гача қисмини, бироқ БҲМнинг 30 бараваридан ошмаган миқдорда Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартиби жорий этилади.
Марказлар давлат иштирокидаги йирик корхоналар билан кооперация асосида ташкил қилинадиган кичик тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар, хотин-қизлар ва ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари доирасида қуйидагиларга амалий кўмак беради:
- асбоб-ускуналар ва технологияларни танлаш, харид қилиш ва ўрнатиш;
- марказларда ташкил қилинган амалий ўқув курсларида бизнесни ташкил этиш ҳамда юритиш билан боғлиқ йўналишлар бўйича кичик тадбиркорлик субъектларини ўқитиш;
- давлат иштирокидаги йирик корхоналарнинг ишлаб чиқариш майдонларида кичик тадбиркорлик субъектлари ходимларини касб-хунарга ўқитиш ва малакасини ошириш;
- кичик тадбиркорлик субъектларининг маҳсулотларини реализация қилиш учун уларни давлат харидлари тизимига кенг жалб қилиш.
2024 йил 1 октябрдан бошлаб:
- давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар улар тузилишидан олдин камида бир иш куни, шунингдек, тендер савдолари натижаларига кўра расмийлаштирилган баённомалар давлат харидлари махсус ахборот порталига жойлаштириш орқали камида икки иш куни давомида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади;
- Ягона етказиб берувчилар реестрига бозорда муқобиллари бўлмаган ва техник жиҳатдан мураккаб товарларни етказиб берувчилар монополияга қарши курашиш органининг хулосаси асосида киритилади;
- давлат харидлари электрон тизимига ушбу тизимдан рўйхатдан ўтган юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларини улар томонидан ишлаб чиқариладиган (етказиб бериладиган) товарларга (ишларга, хизматларга) мос келадиган давлат буюртмасининг тизимга жойлаштирилганлиги тўғрисида хабардор қилиш функцияси киритилади;
- давлат харидлари электрон тизими операторлари томонидан давлат буюртмачилари ва харид қилиш тартиб-таомиллари ижрочиларига шартномаларни бажариш вақтида келиб чиқадиган судгача бўлган низоларнинг белгиланган тартибда ҳал этилишида кўмаклашиш амалиёти йўлга қуйилади;
- тендер савдоларида битта тадбиркорлик субъекти иштирок этган тақдирда, давлат буюртмачиси харид қилиш тартиб-таомилини ҳамда товарларга (ишларга, хизматларга) оид мезонларни ўзгартирмаган ҳолда такроран эълон жойлаштирганда ва такрорий тендер савдоларининг ягона иштирокчиси илгари иштирок этган тадбиркорлик субъекти бўлганда, тендер савдолари ўтказилган деб ҳисобланади.
2024 йил 1 сентябрдан бошлаб:
- устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 %дан юқори бўлган хўжалик жамиятлари, шунингдек, уларнинг таркибидаги хўжалик жамиятлари кузатув кенгашларининг давлат харидлари йиллик ва чораклик режа-жадваллари ҳамда импорт қилиш режалаштирилган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхатларини тасдиқлаш бўйича қарорлари муҳим факт сифатида ошкор қилиб борилади;
- давлат харидлари махсус ахборот порталида корпоратив буюртмачиларнинг ишлаб чиқариш фаолияти учун зарур бўладиган товарларни маҳаллийлаштириш орқали кооперация алоқаларини йўлга қўймоқчи бўлган юридик шахслар томонидан ўз таклифларини бериш имконияти яратилади.
2024 йил 1 октябрга қадар давлат харидлари махсус ахборот порталида давлат буюртмачилари амалга оширган давлат харидлари натижаларига кўра товарлар (ишлар, хизматлар), шу жумладан, уларнинг турлари кесимида шаклланган нархларни жамоатчилик учун очик, ифодаловчи алоҳида саҳифа жорий этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.07.2024 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев