Вазирлар Маҳкамасининг 08.07.2024 йилдаги «Вазирлар Маҳкамасининг «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2021 йил 9 мартдаги 125-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги 390-сон қарор қабул қилинди.
Ўзгартиришларга кўра:
- юридик шахсларнинг транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш жойларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмалари томонидан белгилаш тартиби бекор қилинмоқда;
- тадбиркорлик субъектларига M1, М2, М3, N1, N2, N3 тоифадаги транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш хизматини кўрсатишга рухсат берилмоқда;
- Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан техник кўрик хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларининг уставлари нусхасини талаб қилиш амалиёти бекор қилинмоқда;
- техник кўрик хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларининг электрон тизимлари Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг «Техник кўрик» модули билан интеграция қилиниши керак.
Шунингдек, транспорт воситасини техник кўрикдан ўтказиш учун жисмоний ва юридик шахслар ЯИДХП ёки Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг мобил иловаси орқали мурожаат қолдиришлари мумкин. Бунда мурожаат электрон тарзда тадбиркорлик субъектига юборилади. Транспорт эгаларига техник кўрик ўтказиш вақти ва жойи ҳақида онлайн хабарнома юборилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 14.10.2024 йилдан кучга киради.
Собир Нурбердиев