Вазирлар Маҳкамасининг 05.08.2024 йилдаги «Солиқ тўловчиларни ҳисобга қўйиш соҳасидаги айрим давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий регламентларни тасдиқлаш тўғрисида» 2022 йил 2 апрелдаги 150-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш ҳақида»ги 480-сонли қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан юридик шахсларга СТИР бириктириш бўйича регламент тасдиқланмоқда.
СТИР бир маротаба берилади ва юридик шахс тугатилгандан сўнг ушбу СТИР бошқа солиқ тўловчига бириктирилмайди.
Маълумот учун: 2021 йил 1 июлдан бошлаб солиқ тўловчи-жисмоний шахсларнинг ҳисобини юритиш ЖШШИР орқали амалга оширилади. Жисмоний шахсга СТИР бериш давлат хизмати тўхтатилган.
СТИР Солиқ қўмитаси томонидан қуйидаги жараёнларда берилади:
- нодавлат нотижорат ташкилотларига адлия органларида давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида;
- банклар, кредит бюролари ва чет эл банкларининг ваколатхоналарига Марказий банк томонидан давлат рўйхатидан ўтказиш (аккредитация қилиш) жараёнида;
- дипломатик ваколатхоналар, хорижий давлатларнинг консуллик муассасалари ва халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналарига Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтказиш жараёнида;
- хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарига Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида аккредитациядан ўтказиш жараёнида;
- бошка юридик шахсларга давлат хизматлари марказларида давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида.
Рўйхатга олувчи органларнинг сўровномалари Солиқ қўмитасининг тизимида реал вақт режимида, бироқ 1 иш кунидан кўп бўлмаган муддатда текширувдан ўтказилади.
Идентификация рақамини нотўгри ёки ноаниқ кўрсатиш солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамларини қўлланиш тартибини бузишга тенглаштирилади.
Маълумот учун: СТИР қуйидаги ҳужжатларда мажбурий кўрсатилади:
- фаолиятнинг айрим турлари билан шуғулланиш учун лицензияларда;
- юридик ва (ёки) жисмоний шахслар томонидан тузиладиган хўжалик, фуқаролик-ҳуқуқий ва меҳнат шартномаларида;
- юридик шахслар ва (ёки) якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан битимлар тузилганлигини белгиловчи ёки тасдиқловчи ҳужжатларда, шу жумладан ҳисобварақ-фактураларда ва товар-кузатув ҳужжатларида;
- пул, ҳисоб-китоб ва тўлов ҳужжатларида;
- қонунчиликда белгиланган ҳолларда бошқа ҳужжатларда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 06.08.2024 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев